10:40 / 11.07.2019
14751

АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий техника етказиб бериши бўйича музокаралар давом этмоқда - элчи

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм Тошкентда журналистлар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида элчига Ўзбекистон ва Қўшма Штатларнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги бўйича савол берилди.

«Бизда ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳада Ўзбекистон томони, ушбу давлат хавфсизлик кучларига асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича ўзаро ҳамкорлик бўлган. Бу нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки божхона, ички қўшинлар бўйича ҳам амалга оширилган. 

Бундан олдин ҳарбий техника, хусусан, енгил зирҳланган транспорт воситалари, учувчисиз учар қурилмалар, дарё катерлари, жуда катта ҳажмда техник жиҳозлар - формалар, каскалар, тунги кўриш воситалари, рациялар етказиб берганмиз.

Ҳозирги кунда бундан кейин Ўзбекистон томонига нималар етказиб беришимиз мумкинлигига оид музокаралар давом этмоқда. Баъзи техникалар мамлакатга беғараз асосда берилиши, баъзилари эса давлат ҳукумати томонидан ўз ресурслари ҳисобига сотиб олиниши мумкин. Муҳокама давом этяпти.

Шуни қўшимча қилиб ўтишим мумкинки, бугун Давлат божхона қўмитаси раиси билан учрашдим. Қўмитага бир неча йил давомида контрабанда, радиоактив материллар, наркотик воситаларни аниқлаш ускуналари етказиб бердик. Шундай ҳамкорлик давом этади. Менимча, яқин орада шундай ёрдамнинг яна бир партияси юборилади», - деди элчи.

Бундан олдин, Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШга ташриф буюриши хабар қилинганди

Top