18:48 / 12.07.2019
12679

«Интернет тезлиги энг катта муаммо». Ўзбекистонда компьютер спорти тараққиёти

«Электрон спорт стадионда бошқа кўп спорт турлари каби копток билан ўйналмаса ҳам, тез орада ишқибозлари 300 миллионга етиши кутилмоқда», —  дея ёзмоқда дунё нашрлари.

Онлайн ўйинларга дунё аллақачон мослашган

Dota 2 киберспорт (компьютер спортининг) энг машҳур ўйини ҳисобланса, League of Legends ва Counter Strike ундан кейинги ўринларни банд қилган.

E-спорт —  компьютер орқали видео ўйинлар ўйнаш орқали одамлар, дастлаб, шунчаки бўш вақтни унумли ўтказишга интилган бўлса, кейинроқ у ҳақиқий спорт тури даражасигача кўтарилди. Унинг ёш тоифаси чекланмаган, имкониятларига чегара йўқ. Бу спорт турида имконияти чекланган шахс ўзидан ўн баравар соғлом одамни ҳам мағлуб қилиши, дунёнинг икки четида туриб ҳам рақиблар виртуал стадионда тўп суриши мумкин.

Электрон футбол чемпионатлари ҳам худди стадионларга ўхшаш ареналарда ўйин ишқибозлари қуршовида ўтказилади. Масалан, 2016 йилда ўтказилган League of Legends чемпионат финалида 43 миллион томошабин иштирок этган.

2018 йилнинг биринчи чорагидаёқ бутун e-спорт томошабинлари 17,9 миллион соатни ушбу ўйинларни онлайн ва жонли кўриш учун сарфлагани ҳақида маълумот бор.

Бундан ташқари, e-ўйинлар учун катта пул ютуқлари ҳам қўйилади. Масалан, 2018 йилда бу спорт индустрияси учун 905 миллион доллар ажратилган бўлса, кейинги 2 йилда бу рақамни (2020 йилгача) 1 миллиард долларгача етказиш мақсад қилинган. Биргина спорт мусобақалари учун чипталарнинг ўзи 96 миллионга сотилади.

Бугун ҳатто FIFAнинг ҳам ўз eWorld Cup дастури бор. Унда ўйинчилар FIFA'нинг электрон чемпионатида ғолиб бўлиш учун курашади.

Электрон спорт тараққиётини ҳисобга олган ҳолда Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам бу йўналишдаги режалари самарадорлигини оширишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади weforum нашри.

Демак, онлайн спорт оламига хуш келибсиз!

«Ўзбекиcтоннинг ҳам электрон спорт базаси мавжуд» 

Ўзбекистонда ҳам онлайн спорт турлари босқичма-босқич ривожланмоқда. 2016 йилда Азиз Паттохов ташаббуси Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерациясининг фаолият бошлаши бу соҳадаги илк қадам бўлди.

Шу йили республика электрон компьютер спорти (киберспорт) тарихида илк марта киберспорт аренаси – UZ Arena ташкил қилинди. Арена 50та компьютер, 24 та Play Station ва махсус led экранлар билан жиҳозланган.

Сал кейинроқ –  2018 йилдан эса киберспорт расмий спорт турлари реестрида 100-спорт тури сифатида тан олинди.

Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси раиси Азизбек Паттохов Kun.uz билан суҳбатда компьютерхоналар ва Play Stationʼларга нисбатан кўпинча негатив фикр билдирилиши, шунинг учун ҳам киберспортнинг спорт тури сифатида қабул қилиниши, федерациянинг ташкил этилиши осон бўлмаганлиги, ҳатто кўпинча айрим раҳбарлар ҳам моҳиятни тушуниши қийин бўлганлиги ҳақида айтиб ўтди.

«Гарчи ҳозир ҳам бу каби қийинчиликлар мавжуд бўлса-да, киберспорт бўйича ишлар анча самарали кечмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган 5 ташаббуснинг 2 та йўналиши бу спорт турини ривожлантириш режаларини илгари суради», — дейди у. 

Минус эмас, плюсь қўйиш имкони бор

Федерация раиси Азизбек Паттоховнинг таъкидлашича, компьютер ўйинларига болалар ҳамиша катта қизиқиш билан қараган. Шунинг учун ҳам федерация Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда турли лойиҳалар ташкил қилмоқда.

Айни пайтда ўзбекистонлик болалар 14 ёшдан бошлаб киберспорт мусобақаларида қатнашиши, миллий чемпионатларда эса 5 синф болалари ҳам иштирок этиши мумкин.

«Ҳамма боланинг турлича нарсага иқтидори бўлади. Кимдир илм-фанга қизиқса, кимдир компьютер ўйинларида катта муваффақиятга эришиб, спорт юлдузи бўлиши мумкин. Фақат тўғри йўналтириш вазифасини биз бажаришимиз керак», —  дейди у.

Демак, киберспорт билан шуғулланган болаларнинг виртуал оламда саралай олиш қобилияти шаклланади. Бундан ташқари, Азизбек Паттоховнинг сўзларига кўра, халқаро электрон спорт турнирларида ғолиб бўлган болалар мамлакатга ўз ютуқ пуллари билан ҳам инвестиция кирита олади. Бу улар ўз соврин пуллари ҳисобига тадбиркорликларини бошлашлари ва одамларни ишли қилишга эришишлари мумкинлигини англатади.

«Болалар келажакда танлаш учун фақат 2-3 та йўналиш билан чекланмаслиги керак. Айтайлик, ОТМга кира олмаган бола битта машинани ижарага олиб, таксичилик билан шуғулланиши эмас, агар қизиққан бўлса, профессионал даражада шуғулланиб, киберспорт билан ҳаётини қуриши мумкин. Бу спорт тури билан бизнес қилиш имкони ҳам мавжуд», —  дейди федерация раиси.

Play stationʼлар ҳам йўналтирилмоқда

Агар федерацияга аъзо бўлса, Play stationʼлар ва компьютер ўйингоҳлари билан ҳамкорлик қилишнинг имкони мавжуд. Фақат бунинг учун улар федерациянинг маълум талабларига амал қилиши, ўзларида мавжуд ўйинлар таркибини қатъий назорат қилишлари зарур.

Ўз навбатида федерациянинг ҳам улар учун турли имтиёзлари мавжуд: ҳамкорликда турнирлар ўтказиш ва киберспорт тизимида ишлаш учун турли преференция лар беради.

Масаланинг тиббиёт жиҳати

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус талабномасига кўра, киберспорт билан шуғулланганда ҳар 2 соатдан сўнг ярим соатли танаффус зарур. Спортчининг тўғри овқатланиш тартиби, ортиқча вазн каби муаммолардан холи бўлиши ҳам муҳим.

Бундан ташқари, ҳаво ҳарорати мўътадил бўлиши ва компьютер яқинида ўсимлик бўлиши керак.

Соғлиққа зарар етказмаслиги учун кунлик жадвални тўғри ташкил қилиш ва компьютердан фойдаланишнинг оддий қоидаларига риоя қилиш ҳам катта рол ўйнайди.

Шунингдек, бу спорт тури билан шуғулланувчиларга алкоголь ичимликлар ичиш, чекиш қатъиян ман қилинади. Чунки электрон спортда ютуққа эришиш учун мия фаолияти яхши бўлиши керак.

Ўйин давомида спортчи жуда тез фикрлаши ва қарор қабул қилиши, бармоқлари тез ишлаши керак. Доимий машқлар ёрдамида бу қобилият аста-секин шаклланиб боради. Шу жиҳатдан киберспортни маълум маънода соғлик учун фойдали деб топиш ҳам мумкин.

Болалар тўғри йўналишда

«Киберспорт болаларни тўғри йўналтиришимиз учун яхши восита. Шу йўл билан болаларни банд қилиш мумкин. Ўйин уларнинг ўқишига ҳам яхши таъсир қилади. Чунки кўпчилик халқаро ўйинлар рус ва инглиз тилларида. Муваффақиятга эришишни хоҳлаган бола эса қоидаларни тўлиқ тушуна олиш учун чет тилларини ҳам ўрганишга ҳаракат қилаётганининг гувоҳи бўляпман», —  дея ўйинларнинг мотивацион тарафларига ҳам тўхталиб ўтди Азизбек Паттохов.

Айни пайтда федерация вилоятларда ҳам бу спорт турини оммалаштириш учун турли лойиҳалар ишлаб чиқмоқда.

Самарқанд, Фарғона вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятида Федерациянинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Бухоро, Наманган, Қашқадарё ҳудудида ҳам бўлинмалар очилиши режалаштирилган.

«Биз вилоятларнинг ҳамма туманларига кириб бориб, иқтидорларни топишимиз керак. Масалан, яқинда навоийлик Салоҳиддин Эсоновнинг Ўрта Осиё чемпиони бўлиши бу борадаги ишларимизнинг илк самараси деб ҳисоблаш мумкин.

Лекин, афсуски, киберспорт бўйича тушунтириш ишлари олиб боришда ҳалиям камчиликларимиз кўп. Кўпинча ота-оналар телефон орқали ҳам «Бу қанақа спорт тури?» , «Давлат тарафидан тан олинганми?»  каби саволлар билан мурожаат қилади», —  дейди федерация раиси.

Бундан ташқари, федерация берган маълумотга кўра, интернет тезлиги пастлиги туфайли Ўзбекистон киберспортчиларининг аксар халқаро турнирлардан четлатилиши, айримларида иштирок этиш учун умуман қабул қилинмаган ҳолатлари ҳам кўп содир бўлади. Бошқа ривожланган давлатлардан туриб, рақиблик қилаётган ўйинчидан ўзиш учун эса, албатта, интернет орқали амаллар жуда тез бажарилиши керак.

Айни пайтда федерация Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда интернет сифати муаммосини ҳал қилиш учун ҳаракат қилмоқда.

Одамлар дунёқараши ўзгаряпти

«Киберспорт жамият учун фойдали. Негаки, болаларни компьютердан айириш эмас, уларга қайси йўл тўғрилигини кўрсатиб қўйишимиз зарур. Онлайн спорт орқали ҳам улар бошқа жисмоний спорт турларига қизиқишлари мумкин.

Назаримда одамлар ҳам киберспортни тўғри англай бошлашди. Ҳозир Play Stationʼларда оталарни ўз фарзандлари билан бирга кўряпман. Бу ижобий ҳодиса», —  дейди футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев.

Унинг таъкидлашича, бу спорт тури ривожи учун Ўзбекистонда ҳали тўлиқ имконият мавжуд эмас. Интернет тезлиги энг катта муаммо бўлса, техник имкониятлари даражасидан барча талабларга жавоб берадиган компьютерлар билан таъминланганлик даражаси —  мамлакатнинг иккинчи оғриқли нуқтаси.

Ҳар қандай таклиф талаб асосида вужудга келади. Киберспорт ҳам худди шундай: болалар унга қизияптими, демак, уни оммалаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлларини топиш зарур.

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид
Top