18:50 / 30.07.2019
78816

«Танқид бор, муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри экан-да?» — Абдулла Арипов селекторда ташкилотлар танқидларга сукут сақлаши ҳақида гапирди

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ОАВ бўйича селектор ўтказди. Ҳукумат раҳбари вазирлик, ҳокимлик идоралари ва бошқа ташкилотларда ОАВ билан ишлаш талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

«Бугунги кунда ОАВ мамлакатда содир бўлаётган долзарб воқеаларга тезкор муносабат билдирмоқда. Матбуотда ҳам турли мавзулардаги танқидий ва таҳлилий материаллар кескин кўпайди. Бу эса жамоатчилик фикри шаклланишида муҳим рол ўйнамоқда. Тан олиш керак, бундан 2-3 йил аввал ОАВдаги бундай очиқликни кўпчилик тасаввур ҳам қила олмасди.

Аммо давлат органлари ва ОАВ ўртасида ҳамкорлик қандай йўлга қўйилгани ҳақидаги саволга жавоб йўқ. Тўғрисини айтиш керак, баъзи раҳбарлар матбуот билан ишлашни иккинчи ва ҳатто бешинчи даражали иш деб қарамоқда. Баъзи ташкилотлар ахборот хизмати вакилларига етарли шароит яратиб бермаган. Шу кунгача 20га яқин давлат ва хўжалик бошқарув органларида, 150дан ортиқ туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликларида ахборот хизматлари ташкил қилинмаган. Борига ҳам яна бошқа ишлар топшириб қўйилганки, у ўз иши билан шуғулланишга улгурмайди ҳам.

Айрим ташкилотларнинг веб-сайтлари йиллар давомида ишламайди (бош вазир сайтлари 2-3 йилдан буён ишламаётган қатор ташкилотларни санади). Ваҳоланки, ОАВда халқнинг диққат марказида бўлаётган долзарб мавзулар ёритилмоқда, аммо бу ташкилотлар жим. Ташкилотлар кимдир тепадан буйруқ беришини кутмай ўзи ҳақидаги мақолаларга муносабат билдириши керак.

Қуйидаги рақамларга эътибор беришингизни хоҳлайман: якунига етаётган июль ойида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари фаолиятига оид 500га яқин танқидий материал эълон қилинган. Шулардан 288таси вазирлик ва идоралар, қолгани маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига тегишли. Танқидий мақолаларнинг 200таси фейсбук, 25таси телеграм, 60дан ортиғи бошқа ижтимоий тармоқларда, 90дан ортиғи теле ва радиоканалларда, 80дан ортиғи матбуотда эълон қилинган. Бу танқидий материалларнинг 18 фоизи, яъни 91тасига мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан муносабат билдирилган, холос.

Ташкилотлар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга муносабат билдириши, керак бўлса халқнинг олдида ҳисобот бериши шарт. Агар нотўғри ахборот берилган бўлса, бунга ҳам муносабат билдириш керак. Буни ким ташкил қилади? Ўша ташкилотлардаги ахборот хизмати ходимлари. ОАВда барча органлар иши юзасидан танқидий материаллар эълон қилинмоқда, аммо кўпчилик уларга муносабат билдирмай томошабин бўлиб турибди. Танқид бор, лекин муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри эканда? Танқиддан хулоса қилиндими йўқми, билдириш керак. Масалан кимдир чиқиб интервью берсин. Ёки бўлмаса, мана шу иш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди, шундай-шундай ишлар бўляпти деб айтиш керак. Йўқ, кўпчилик бундай қилмайди. Худди улар бошқа дунё, қолганлар бошқа дунёдек...», дея Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top