11:38 / 07.08.2019
14417

Мактабгача таълим вазирлиги мобил мактабгача таълим ташкилотлари қандай ишлашини маълум қилди

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

2019 йил 30 июль куни Мактабгача таълим вазирлиги “ISUZU HC-40” автобуслари базасида фаолият кўрсатувчи сайёр мактабгача таълим ташкилотлари лойиҳасини муҳокамага қўйди. Лойиҳа “Ўзавтосаноат” АЖ молиявий ва техник кўмагида амалга оширилади.

2019 йилнинг 2 июлида Мактабгача таълим вазирлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖ ўртасида мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Ўзбекистонда “ISUZU HC-40” автобуслари негизида ишловчи мобил МТТларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамкорликнинг асосий йўналиши ҳисобланади.  Мазкур лойиҳа болалар мактабгача таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, шунингдек МТТ мавжуд бўлмаган олис қишлоқ жойларда, тоғли ҳудудлар ва аҳоли пунктларида қамровни ошириш имконини беради.

“Мактабгача таълим вазирлигига кўп ҳолларда олис туманларда яшовчи фуқаролар МТТлар мавжуд эмаслиги юзасидан шикоятлар билан мурожаат қиладилар. Афсуски, бюджет миқдори чекланганлиги муносабати билан биз ҳар бир аҳоли пунктида МТТ очиш имкониятига эга эмасмиз ва болалар сони энг кўп бўлган жойларни танлашга мажбурмиз. МТВ ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганиб чиқди. Таҳлил ушбу мақсад учун жойларда биноларнинг ажратилиши муаммо ечими бўла олмаслигини кўрсатди. Аҳоли хонадонлари бир-биридан жуда узоқ масофада жойлашган туманлар мавжуд. Стационар нуқталар бор-йўғи 3 км радиусда яшовчи болаларни қамраб олиш имкониятини беради холос. Ҳар бир оила ўз транспорт воситасига эга эмаслиги эса ҳар куни МТТларга қатнаш муаммосини туғдиради. Бундан ташқари, тоғли ҳудудларга талаб этилган коммуникацияларни етказиб бориш муаммоси мавжуд. Биз албатта болалар учун иситиш тизими, сув таъминоти ва канализацияни таъминлаб бера олиш мумкин бўлмаган жойларда МТТлар очмаймиз. Бироқ, вазирлик барча болалар учун сифатли мактабгача таълим олиш имкониятини яратишга интилмоқда, шу муносабат билан биз Ўзбекистон учун мутлақо янги мобиль МТТлар лойиҳасини ишга туширмоқдамиз. Бундай тажриба Швеция, Янги Зеландия, Ҳиндистонда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Махсус автобуслар яқин келажакда МТТ қурилиши мураккаб бўлган, бориш қийин бўлган жойларда муайян йўналиш бўйича ҳаракатланади. Сайёр МТТлар “yoz - qish” режимида ишловчи совитгичлар, қуёш панеллари, ҳожатхоналар, ўйинчоқлар, ривожлантирувчи материаллар билан таъминланади. Шунга кўра, кичик аҳоли пунктларида яшовчи болалар билим олиши, маҳорат ва кўникмаларини ривожлантириши, мактабга тайёрланиб бориши мумкин бўлади. Лойиҳанинг бошланғич босқичида республика бўйлаб 14та автобуслар: Тошкент вилоятида иккита ва ҳудудларда биттадан автобус ишга туширилади”, - дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Сайёр МТТларда таълим-тарбия жараёни ҳудуд эҳтиёжлари ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 2–3 сменада олиб борилади. Ҳар бир автобус учун тарбияланувчилар яшаш жойига яқин бўлган жойда ўйингоҳлар (қумдон, ўйин майдончалари ва бошқалар) билан жиҳозланган 3тадан тураргоҳ ташкил этилади. Сайёр МТТлар қисқа муддатли гуруҳлар учун мўлжалланган бўлиб (кунига кўпи билан 3 соат), овқатланишни ташкил этиш мажбурияти назарда тутилмаган. Лойиҳа учун МТТлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли болалар мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўла олмаётган ҳудудлар танлаб олинди. Сайёр МТТлар олис қишлоқларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш муаммосини тезкор ҳал қилиш имкониятини яратади.

“Барча машғулотлар ўйин тарзида ўтказилади. Машғулотлар чоғида автобус ҳаракатда бўлмаслиги болалар лат ейиши эҳтимолини тўла бартараф этади. Мобил МТТ махсус тураргоҳга етиб келгач болаларга қулай шароитни таъминлаш учун ходимлар мебелларни ташқарига чиқариб тент ёрдамида шийпон ўрнатилади. Тарбияланувчилар вақтнинг асосий қисмини очиқ ҳавода ўтказадилар ва бундай ёндашув Финляндияда ўзини оқлаган. Кучли совуқ ёки иссиқ бўлган тақдирда машғулотлар автобус ичига кўчирилади.

Бу лойиҳага шаҳар ўлчовлари билан баҳо бериш мумкин эмас. Шаҳар аҳолиси жамоат транспорти ва талаб даражасидаги инфратузилма мавжуд бўлган шароитда яшайди. Биз чекка қишлоқлар аҳолиси билан учрашганимизда, улардан фарзандлари мактабгача таълим олиши учун шароит яратиб бериш бўйича сўровларни кўп эшитамиз. Улар ҳам фарзандлари илк ёшиданоқ таълим олиши ва ривожланишини истайдилар. Вазирлигимиз уларни мана шундай имконият билан таъминлаш учун барча ҳаракатларни амалга оширади”, – дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Лойиҳанинг синов босқичи учун 14та туманда 42та майдончалар белгилаб олинди:

Андижон вилояти - Андижон тумани
Бухоро вилояти - Қоракўл тумани 
Жиззах вилояти - Бахмал тумани
Қашқадарё вилояти - Чироқчи тумани
Наманган вилояти - Янгиқўрғон тумани
Навоий вилояти - Нурота тумани
Самарқанд вилояти - Ургут тумани
Сурхондарё вилояти - Қумқўрғон тумани
Сирдарё вилояти - Боёвут тумани
Тошкент вилояти - Оҳангарон, Янгийўл туманлари
Фарғона вилояти - Учкўприк тумани
Хоразм вилояти - Ҳазорасп тумани
Қорақалпоғистон Республикаси - Элликқалъа тумани.

Top