16:42 / 08.08.2019
20692

Комил Алламжонов матбаачилар президент сиёсати туфайли уйли бўлганини маълум қилди

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйни кўздан кечирди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида пост қолдирган.

«Кеча жамоамиз билан биргаликда Агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйни кўздан кечирдик. Шу ерда яшаётган одамлар билан мулоқот қилдик, яшаш тарзи билан танишдик.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

48 та хонадондан иборат бинода бизнинг босмахонада йиллар давомида фаолият юритаётган матбаачи, муқоваловчи, сантехник, механик каби оддий ходимларимиз оиласи, фарзандлари билан истиқомат қилишади. Мазкур корхонада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб, ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келаётган фахрийларимиз ҳам бор. Ҳатто бир ходимимиз шу даргоҳда фаолият бошлаганидан буён фарзанд катта қилиб, яқинда қиз чиқараётган экан. Бутун жамоамиз оилавий аҳил ва борди-келди қилар экан. Уларни ҳозирга қадар битта дард безовта қилиб келар эди — ушбу хонадонлар уларга қарашли эмас эди. Уй ўзингники бўлмаганидан кейин ҳаловат топмай, хавотир ва ҳадик ичида яшашни тасаввур қилиб кўринг.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Айтиш керакки, мазкур уй 1988 йилда фойдаланишга топширилган. Одамлар ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида шу уй ўз мулкига айланишини орзу қилиб, кутиб яшадилар.

Бугунги кунда Президентимиз одамларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида изчил сиёсат олиб бормоқдалар.

Шундан келиб чиқиб, биз ҳам Агентлигимизнинг барча ходимлари билан келишган ҳолда, Қурбон ҳайити байрами арафасида ушбу 48 та хонадоннинг кадастр ҳужжатларини тайерлаб, ишчи ходимларимиз номига расмийлаштириб бердик.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Куни кеча уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишиш, рўйхатдан ўтказиш ишлари натижаси, жараённинг қанчалик адолатли ўтгани, коррупция ҳолатларига йўл қўйилган-қўйилмаганини уларнинг ўзидан сўраб-билиш мақсадида улар яшаётган хонадонларга бордик.

Албатта, уйлар таъмирталаб, чунки инсон уй тўлақонли ўзига тегишли эмаслигини ҳис қилиб тургандан кейин муносабат ҳам шунга яраша бўлади. Эндиликда жуда кўпчилик таъмирлаш ишларини бошлаб юборган. Энг асосийси — улар жуда ҳам бахтиёр, буни уларнинг кўзлари айтиб турибди.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов
Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Бино томларини таьмирлаш, ён-атрофларини ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар бердик. Жума куни битта ош дамлаб, ҳаммамиз мазкур байрамни нишонлашга келишиб олдик», - деб ёзади Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил охирида Олий Мажлисга Мурожаатномасида кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуриш бошланганини маълум қилганди.

«Маълумки, аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап.

Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуришни бошладик. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир.

Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир», - деганди давлат раҳбари.

Top