14:23 / 16.08.2019
8847

КХДР Жанубий Корея билан бирлашиш тўғрисидаги музокараларни давом эттирмаслигини билдирди

Фото: Global Look Press

Пхеньян Сеул билан музокараларни давом эттирмайди, АҚШ ва Жанубий Кореянинг ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотлари сабабли бундан "маъно йўқ", дейилади КХДРнинг тинч йўл билан бирлашиш қўмитаси матбуот котиби баёнотида.

"Ҳозирда тарихий Пханмунжом декларациясини амалга ошириш боши берк кўчага кириб қолди ва Шимол-Жануб мулоқоти учун имконият йўққа чиқди. Бу Жанубий Корея раҳбарининг ўзбошимча ҳаракатлари натижасидир", - дейилади баёнотда.

"Жанубий Корея ҳукумати КХДР-АҚШ бўлажак мулоқотларининг нотинч сувларидан ўлжа изламоқда ва ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотлардан сўнг мулоқот худди йил фасллари алмашганидек яна давом этишини орзу қилмоқда. Улар бу бемаъни истакларидан воз кечишига тўғри келади", - дея қайд этилади баёнотда.

Унда шунингдек, Пхеньяннинг Жанубий Корея ҳукумати билан бошқа гаплашадиган гапи йўқлиги ва музокаралар столига асло ўтирмаслиги айтилади.

Пханмунжом декларацияси Пханмунжом чегара пунктида Кореялараро саммит якунида имзоланганди. Унда томонлар Корея яриморолида душманликни тўхтатиш ва тинчлик шартномаси тузиш мажбуриятини олган.

Top