14:09 / 24.08.2019
85280

Муддатли ҳарбий хизматга чақирув вақтини ўзгартириш ҳақидаги қонун Сенат тасдиғидан ўтди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирув март-апрель ойларига ўтказилиши кутилмоқда.

Бугун, 23 август куни Сенат ялпи мажлисида мазкур ўзгаришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси маъқулланди.

Мажлисни ёритиб бораётган Kun.uz мухбирига кўра, мазкур ўзгариш – чақирув тадбирларининг қиш даврида ўтказилиши қатор қийинчиликлар ва сарф-харажатларнинг ортишига олиб келаётгани билан изоҳланган.

Шунингдек, янги қонунда олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизмати (“бир ойлик армия”)га олиниши мумкинлиги, бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-августда жалб этилиши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, қонун  асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда амалга оширилиши белгиланмоқда.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга юқорида айтилган ўзгаришлар киритилиши учун бугун сенаторлар тасдиғидан ўтган қонун президент томонидан имзоланиши ва расман эълон қилиниши лозим.

Top