19:30 / 25.08.2019
19495

Равшан Эрматов яна ҳакамликка қайтмоқда ёхуд Тошкентда «Чарм тўп-2019» футбол мусобақасининг финал босқичига старт берилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла ёшлари ўртасида «Чарм тўп» анъанавий футбол мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги 1-сон йиғилиш баёни билан мамлакатимиз миқёсида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида футбол мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш вазифаси белгилаб берилганди.

Ушбу мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад – юртимиз аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, уларга ўз иқтидорини намоён этишлари учун кенг майдон яратиб бериш.

«Спорт қироли» мақомини олган футбол юртимизда ҳам энг севимли спорт тури саналади. Шунинг учун бўлса керак, маҳалла ёшлари ўртасида «Чарм тўп» анъанавий футбол мусобақасини ўтказиш ғояси юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур мусобақа тўрт босқичда ташкил этилди.

Биринчи босқич – 26-31 июль кунлари маҳаллалар ўртасида, иккинчи босқич эса 2-10 август оралиғида туман ва шаҳарлар босқичида ташкил этилди. 10-20 августга белгиланган учинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри кесимида энг кучли жамоалар саралаб олинди.

Бугун старт берилган «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг якуний босқичида ўз ҳудудларида ғолибликни қўлга киритган 14та жамоа тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришди. Кеча «Миллий» стадионнинг анжуманлар залида мусобақа олди матбуот анжумани ва қуръа ташлаш маросими ташкил этилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда «Чарм тўп» мусобақалари орқали катта футболга кириб келган фахрий футболчи, Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши ўйинчиларидан бирни Тўлаган Исоқов, шунингдек ОАВ ходимлари ва мусобақа иштирокчилари қатнашди. 

Қуръа натижалари қуйидагича кўриниш олди:

«А» гуруҳи:
«Мухоман» (Хоразм), «Шеробод» (Сурхондарё), «Ғаллаорол» (Жиззах), «Навбаҳор» (Навоий);

«В» гуруҳи:
«Иқбол» (Тошкент ш.), «Ўрикзор» (Самарқанд), «Баҳрин» (Фарғона), «Еттигузар» (Сирдарё);

«С» гуруҳи:
«Оққамиш» (Қашқадарё), «Шодлик» (Тошкент вил.), «Неккеши» (Бухоро);

«Д» гуруҳи:
«Дўстлик» (Қорақалпоғистон Республикаси), «Яккатут» (Андижон), «Навкент» (Наманган).

Мусобақага барча жамоалар кўтаринки кайфиятда ва юқори тайёргарлик билан етиб келди. Учрашувлар ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда. Баҳсларни мамлакатимизда кўзга кўринган ҳакамлар, қайсики Суперлига ва Про-лига ўйинларида тобланган ўз ишининг ҳақиқий усталари бошқариб бормоқда.
Бугун эрталабдан «Бунёдкор» футбол академиясига қарашли майдонларда «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг якуний босқичига старт берилди. Ўйинлар кескин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтмоқда. Буни қайд этилаётган натижалар ҳам кўрсатиб турибди.

1-тур ўйинларида қайд этилган натижалар:
«А» гуруҳи:
«Мухоман» (Хоразм) – «Шеробод» (Сурхондарё) – 1:4
«Ғаллаорол» (Жиззах) – «Челачи» (Навоий) – 0:2
«В» гуруҳи:
«Иқбол» (Тошкент ш.) – «Ўрикзор» (Самарқанд) – 1:0
«Баҳрин» (Фарғона) – «Еттигузар» (Сирдарё) – 2:2
«С» гуруҳи:
«Оққамиш» (Қашқадарё) – «Шодлик» (Тошкент вил.) – 2:2
«Д» гуруҳи:
«Дўстлик» (Қорақалпоғистон) – «Яккатут» (Андижон) – 1:3

«Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасини томоша қилиш истагини билдирган мухлислар учун «Бунёдкор» футбол академияси эшиклари очиқ.

Дарвоқе, 28 август санасига белгиланган финал учрашуви мамлакатимизнинг бош аренаси – «Миллий» стадионда ўтказилади. Унда томошабинлар республикамиз маҳаллаларининг энг кучли жамоасини билиб олишади. Чипталар ўша куни стадион кассаларида бепул тарқатилади.

Яна бир гап, «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг финал ўйинини нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг энг машҳур ҳакамларидан бири Равшан Эрматов бошқариб боради. Хуллас, 28 август куни соат 18:00да «Миллий» стадионга келсангиз, сарфлаган вақтингизга ачинмайсиз. 

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Мавзуга оид
Top