18:04 / 01.09.2019
0
14452

Тўра Боболов байрамда Термиз бозорларидаги нарх-наволар ва кўрсатилаётган хизматни ўрганди — фотолар

Мамлакатимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги кенг нишонланаётган ушбу кунда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиздаги бозорларни айланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Боболов дастлаб Термиз буюм бозорида ташкил қилинган мактаб ярмаркаси фаолияти билан танишган. Тадбиркорлар томонидан 26 турда тавсия қилинаётган ўқув қуроллари, мактаб учун зарур бошқа анжомлар, кийим-кечаклар нархи билан қизиққан.

Ҳозирда вилоятда мактаб ярмаркаларининг 94таси умумий ўрта таълим мактабларида, 22 таси аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида, 40таси савдо мажмуалари ва дўконларда ташкил этилган. 10 августда бошланган мактаб ярмаркалари 10 сентябргача давом этади.

Ярмаркалардан кўзланган асосий мақсад битта: аҳолига қулайлик яратиш, барча мутасаддилар, ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар бирлашиб, сифатли ўқув қуролларини, мактаб формаларини аҳолига арзон нархларда етказиб беришини таъминлаш.

Вилоят ҳокими бозорларни айланиш асносида харидорлар билан гавжум мактаб ярмаркасида аҳоли учун яратилган қулайликлар, маҳсулотларнинг нархи ва сифати, тўлиқлиги ва захирасини ўрганган. Ўқув қуроллари ва кийимларнинг тўлиқ бўлиши, нархларнинг ошиб кетмаслиги, сотувчиларнинг ўз ишига виждонан ёндашиши бўйича тавсиялар берган.

Вилоят ҳокими Термиз буюм ҳамда деҳқон бозорларини ҳам кўздан кечирар экан, турли хилдаги кийим-кечаклар ва озиқ-овқатлар ассортиментлари ҳамда нархлари, бозорлар ҳудудида тартиб ва тозаликка қай даражада риоя этилишини кузатган. Сотувчилар ва харидорлар билан суҳбатлашган.

— Юртимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда бозорларимиздаги аҳвол ҳам шунга яраша бўлиши керак. Муомалангиздан, кўрсатаётган хизматингиздан, тавсия этаётган маҳсулотингиз сифати ва нарх-навосидан одамларнинг кўнгли тўлиб қайтсин. Шунда ишингизда унум, бозорингизда барака бўлади, — деди Т.Боболов сотувчиларга.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top