23:13 / 12.09.2019
10
33947

Вазир трансчегаравий дарёлар бўйича қўшни давлатлар билан бўлган келишмовчиликлар ҳақида гапирди

Бугун, 12 сентябрь куни соат Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбирда ташкил қилинганига ҳали кўп муддат бўлмаган Сув хўжалиги вазирлигининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги масаласида савол билан мурожаат қилинди.

“Жорий йилнинг 1-7 сентябрь кунлари Индонезиянинг Бали шаҳрида Учинчи жаҳон ирригация форуми ҳамда Етмишинчи халқаро ирригация, дренаж қўмитасининг кенгаши бўлиб ўтди. Мазкур кенгашга етмишдан ортиқ давлатлар аъзо ҳисобланади.

Форумда Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида мен ҳам қатнашдим. 

Аввало айтишим керак, сўнгги йилларда жаҳоннинг турли сув ташкилоти ва қўмиталарининг Ўзбекистонга нисбатан фикри ўзгармоқда. 

Чунки, шу пайтга қадар биз учун соҳадаги энг катта масала трансчегаравий дарёлар бўйича қўшни давлатлар билан совуқ алоқалар эди. 

Аввалги даврда анжуманларда биз дарёларнинг бошида турган қўшни давлатлар сувни ёпмоқда, бу биз учун хавф-хатарлар туғдиради, деган қаттиқ гаплар, шиорлар билан қатнашар эдик. Бундай анжуманларда шахсан ўзим ҳам маърузалар билан чиққанман. Албатта, шу каби анжуманларда қўшни давлатлардан ҳам вакиллар чиқиш қилишарди ва улар ўзларида ҳам аҳвол оғир эканлиги ва шундай қилмаса бўлмаслигини сабаб сифатида келтиришарди. 

Бу каби анжуманлар жуда хунук тарзда ўтардики, бир-бирига қўшни давлатлар ўзаро низолашарди.

Ҳозир вазият ўзгарган, қўшни давлатлар билан дўстона сиёсат олиб бораяпмиз. Балидаги йиғинда қўшни давлатлардан ҳам делегатлар иштирок этди. 

Умуман олганда халқаро ташкилотларнинг барчаси бу муносабатларни қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистонга нисбатан муносабати яхшиланмоқда”,- дея Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top