09:15 / 14.09.2019
0
5473

Сирдарё вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича қатор ишлар бажарилмагани аниқланди

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

2019 йил 13 сентябрь куни Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Сирдарё вилояти мамлакатнинг марказий қисмида, минтақадаги энг катта дарёлардан бирининг бўйида жойлашган бўлиб, ҳудудда сайёҳликнинг айрим турлари, айниқса экотуризмни ривожлантириш имкониятлари катта. 2019 йил биринчи ярим йиллигида 3 та оилавий меҳмон уйи, 5 та ресторан ва кафе ҳамда туроператорлик субъектлари ташкил этилди, шунингдек, туристик тоифадаги микроавтобус ҳамда электромобиллар қатнови йўлга қўйилди.

Гулистон темир йўл вокзали ҳамда “Шоҳрух” меҳмонхонаси ҳудудида туризм ахборот марказларининг фаолияти йўлга қўйилиб, шаҳарда Wi-Fi зоналари ташкил қилинган.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда туризм соҳасидаги ҳудудий дастурларга киритилган, аммо ижроси таъминланмасдан қолаётган топшириқлар, шунингдек, Сирдарё вилояти туризм салоҳиятини янада ошириш борасида бир қатор бажарилмаган ишлар ҳам мавжуд.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда туризмни ривожлантириш учун юқори салоҳиятга эга туман ва шаҳарларда жойлашган ҳамда асосан муҳандислик коммуникациялар билан таъминланган фойдаланилмаётган ер участкаларини рўйхат бўйича уч ой муддатда хатловдан ўтказилиши ҳамда кейинчалик Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хулосасига асосан ҳар бир ҳудудда умумий майдони камида 20 гектар бўлган 20 та ер участкаси ҳисобидан келиб чиқиб, туризм соҳасидаги лойиҳаларни (меҳмонхоналар, меҳмонхона уйлари, кемпинглар, мотеллар ва бошқа жойлаштириш воситалари, тематик хиёбонлар, музейлар, галереялар ва бошқа иншоотлар қуриш) амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ҳамда потенциал инвесторларга тақдим этиш учун ажратилиши белгиланган. Лекин бугунги кунга қадар Сирдарё вилоятида бирорта ҳам ер участкаси тадбиркорларга ажратиб берилмаган.

Мажлисда қўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top