20:06 / 27.09.2019
0
4893

Самарқанднинг энг йирик кутубхонасида қарийб 5 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда

Самарқанд шаҳридаги Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида «UZ PRO BULDING» МЧЖ томонидан тўлиқ мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа қиймати 4 миллиард 962,2 миллион сўмни ташкил қилади.

«Бугунги кунда қурувчилар томонидан бинонинг фасад қисмига замонавий пишиқ ғишт териб чиқилмоқда. Шунингдек, маънан эскирган дераза ва ромлар тўлиқ янгиланмоқда. Муассаса хизматидан фойдаланганлар яхши билади — бинонинг поли қарийб яроқсиз аҳволда эди. Айни пайтда нафақат пол, шу билан бирга хоналарнинг шифти ҳам янгича қиёфа касб этмоқда.

Энг муҳими, ахборот-кутубхона марказининг ҳаво айланиш тизими тўлиқ янгиланиб, замонавий жиҳозлар ўрнатилмоқда. Бу билан зиё масканидаги 633 мингдан зиёд ўқув ва бадиий адабиётларни сифатли сақлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, электр симлари янгиланиб, бугунги кун талабларига жавоб берадиган сантехника воситалари ўрнатилмоқда», — деди вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси директори Саҳобиддин Арзиқулов Kun.uz мухбирига.

Марказда реконструкция ишлари натижасида барча қулайликларга эга маъмурият хоналари, 5та ўқув зали ташкил қилинади. Йил якунигача бу ерда 1та хорижий тиллар, 1та болалар зали фойдаланишга топширилади. Электрон адабиётлардан фойдаланиш учун 1 компьютер зали ҳамда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун 1та фаоллар зали ҳам тайёрланмоқда.

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шаҳодат Аҳмедовнинг айтишича, бинонинг фасади Университет хиёбонида жойлашган бошқа тарихий бинолар — СамДУнинг биология ва филология факультетлари биноларига ҳамда бошқа биноларга уйғунлаштириб қайта таъмирланади. Фасад таъмирлангач, унинг машҳур панноси ўз жойига қайтарилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top