10:26 / 01.10.2019
1
4889

Хитой авиакомпанияси раҳбари Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйишни таклиф қилди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов «Zhejiang Loong Airlines Co. Ltd» авиакомпанияси раҳбари Лью И билан учрашишди

Музокаралар давомида томонлар Ханчжоу-Сиань-Тошкент тўғридан-тўғри авиарейсининг очилиши, шунингдек аэропортларни ривожлантириш, Сиань, Ханчжоу ва Чэнду шаҳарларидан Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилинди.

Хитойлик меҳмонларга 2019 йилнинг 1 октябридан “Бухоро”, “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режимининг ишга тушишига доир батафсил маълумот тақдим этилди. 

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони Сиань ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларнинг йўлга қўйилиши ҳамда “Zhejiang Loong Airlines Co. Ltd” чартер ва мунтазам рейсларни ташкил қилиш билан боғлиқ имтиёз ва преференциялардан фойдаланган биринчи авиакомпания эканлиги республиканинг туризм сектори учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Бухоро-Лоянь ҳамда Самарқанд-Сиань шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш масаласи ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Музокаралар давомида хорижий ҳамкорлар томонидан Тошкент халқаро аэропорти хизматлари учун чегирма олиш ҳамда келгусида Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига қўшимча рейслар очишда ёрдам кўрсатиш сўралди. 

Ўзбекистон томон ХХР ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам рейсларни очишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек мамлакат аэропортларидан фойдаланишда чегирмалар ва субсидиялар масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Томонлар 2019 йилнинг охирига қадар Ханчжоу-Сиань-Тошкент рейсини мунтазам йўлга қўйиш зарурати қайд этишди.

Учрашув якунига кўра, томонлар маркетинг ва пиар-кампанияни ташкиллаштириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилишига оид келишувга эришишди. Шунингдек, Ўзбекистон томони меҳмонларни мамлакат ҳудудида янги мунтазам авиарейсларни ташкил қилишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишига ишонтирди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top