22:13 / 02.10.2019
0
5880

«Ўзбекистонга бундай кўргазмалар керак» — «Tashkent book fest – 2019» иштирокчилар нигоҳида

Бугун, 2 октябрь куни «Tashkent book fest – 2019» I Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда миллий ва халқаро нашриёт вакиллари, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Жумладан, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 18та нашриёти ва 30дан ортиқ маҳаллий нашриётлар ўз китобларини жамоатчиликка намойиш қилмоқда. 

«Айни пайтда кўргазмада одамлар китобларимизга ва герман тилига қизиқиш билан қарамоқда. Таъкидлаш жоизки, нашриётимиз Германиянинг энг яхши мактаб нашрларини чоп этади. Бундан ташқари, турли хорижий тиллардаги китобларни ҳам босмадан чиқарамиз», - дейди кўргазма иштирокчиларидан бири, Германиянинг Klett нашриёти ходими Сандра Рамспергер.

Ярмаркада иштирок этаётган адабиётшунос Шуҳрат Ризаев китоб кўргазмалари бутун дунёда доимий ўтказиб борилиши, уларнинг илк бор Ўзбекистонга ҳам кўчиши эса ижобий ҳодиса эканини, айни мана шундай кўргазмалар билан одамларнинг китобхонликка қизиқиши янада ошиши мумкинлигини таъкидлади.

«Айни дамда Хитой ижодиётининг дурдона асарларини намойиш қиляпмиз. Улар орасида болалар адабиёти, хитой тилини инглиз тилида ўргатувчи турли изоҳли китоблар ҳам бор. Турли дарсликлар ҳам кўргазмамиздан жой олган. Ушбу халқаро ярмарка ҳақида эса фақат битта нарса дейишим мумкин: бу каби тадбирлар Ўзбекистонга керак», - дейди Хитой маданий маркази директори жаноб Янг. 

Кўргазмада маҳаллий нашрларнинг стендлари орқали чет эллик нашриёт вакилларига ҳам Ўзбекистон босма саноати ҳақида маълумот бериш лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири бўлмоқда. 

«Ҳилол» нашриёти ҳам кўргазмада янги асарлар билан иштирок этяпти. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари жамланмаси, ёзувчи Тоҳир Малик тўпламлари ҳам шулар жумласидан. Бундан ташқари, кўргазмада алоҳида бепул wi-fi зонаси ташкил этиш билан ўқувчиларга нашриётнинг электрон базасидаги китобларни ўқиш имкони берилди», - дея маълумот берди «Ҳилол» нашри бош муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаров. 

«Шарқ» нашриёти маркетинг бўлими бошлиғи Аваз Солиевнинг таъкидлашича, ушбу нашриёт ҳам бир қатор адибларимизнинг янги асарларини тақдим этишмоқда. Турли сара асарларнинг давомий тарзда чоп этилган китоблари, айниқса, коллекциянинг муҳим қисми ҳисобланади. 

Маълумот учун, «Tashkent book fest – 2019» халқаро кўргазма-ярмаркаси 4 октябргача давом этиши режалаштирилган бўлиб, турли тақдимотлар, викториналар, маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top