17:28 / 03.10.2019
6
47375

«Ё душманга зарба бер, ёки қуролсиз қол». Эҳтимолий АҚШ – Эрон урушидаги ҳарбий позициялар ҳақида

Фото: Carlos Barria, Pool Photo via AP

АҚШ – Эрон муносабатлари бир йилдан ортиқроқ вақтдан буён тўхтовсиз кескинлашиб боряпти. Сентябрда Саудия Арабистони нефть базаларига уюштирилган ҳужумдан кейин вазият яна қалтислашди. Ҳар галгидек, бу янги можаро ҳам дунё жамоатчилигини томонлар қачондир очиқ ҳарбий интервенцияга ўтишлари мумкинлиги ҳақида фикр юритишга ундади.

Аввало айтиш жоизки, Вашингтон-Теҳрон муносабатлари ҳарбий низога айланган тақдирда ҳам, бу – Эроннинг ташаббуси билан рўй бериши эҳтимоли анча паст. Боиси кучлар нисбатида катта устунлик АҚШ томонида. Ҳарбий можаро Эрон иқтисодиёти, аҳолиси ва турган гапки, ҳукумати учун катта зарба бўлади.

Шунга қарамай зиддият бундан кейин ҳам кучая боришини кутиш мумкин. Душманлик кайфиятидаги томонларда низоларни тезда ҳал этиш учун алоқа каналларининг йўқлиги ва Эрон қуролли кучларида вазият кескинлашган пайтда ҳужум бошлаб юбориш учун катта мотив борлигини унутмаслик лозим.

Эрон Американинг анъанавий ҳарбий устунликларини тўла-тўкис билгани ҳолда, ўнлаб йиллардан буён бунга қарама-қарши йўналишда иш олиб боряпти. Яъни форслар сохта ҳарбий бўлинмалар, баллистик ракеталар, денгизни миналаштириш ва тезкор ҳужум самолётларига умид боғлайди. Улар АҚШнинг Форс кўрфази атрофи ва бошқа муҳим нуқталардаги таянч кучлари, энг муҳим энергетика тармоқларига жиддий хавф туғдира олади.

Шунга қарамай, форсларнинг бу куч ва тактикалари душманнинг қудратини синдира олмаслиги тайин. Бу ҳарбий кучларнинг ўзига АҚШ томонидан зарба берилган тақдирда, улар бу зарбалар қаршисида ожиз қолишини Теҳрон яхши тушунади.

Stratfor геополитика портали бу ҳақдаги мақоласида АҚШ ва Эроннинг Яқин Шарқдаги энг асосий ҳарбий базалари кўрсатилган суратни илова қилган. Суратда сариқлар нуқталар – АҚШ ҳарбий флоти, қизил – АҚШ армияси, бинафшаранг – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг жойлашувини англатади. Кўк рангда эса – Эрон ҳарбий флоти, яшил – Эрон армияси, оч яшил – Эрон ҳарбий-ҳаво флоти.

Мисол учун, форсларнинг Ўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилишига ислом инқилоби соқчилари корпусининг ҳарбий флотлари асос бўлади. Бу корпус ихтиёрида мина ташувчи самолётлар, бошқарилувчи ракета ва сувости снарядлари (торпедолар)ни ташувчи қайиқлар, қуролли тезюрар кемалар ва соҳилда кемалар ҳужумига қарши қанотли ракета батареялари бор.

Аммо, бу қуролларнинг аксарияти портларда ёки ҳарбий базаларда турган пайтда АҚШнинг доимий нишонида бўлиб туради. Улар ҳарбий можаро бошланмасидан олдин ўз жойлашувларини ўзгартиришга улгурган бўлса ҳам, барибир Америка ва унинг иттифоқдошларининг ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан йўқ қилиниши риски остида бўлади.

Бошқача айтганда, Эрон ўзи хоҳлаганича кенгликдаги ҳудудларни миналаштириб ташлаши, Ўрмуз бўғозида қўлидан келганича ва улгурганича душманга шикаст етказиши мумкин, лекин форсларнинг бу қобилияти Вашингтон ва унинг иттифоқдошлари томонидан тезда чеклаб қўйилади.

Эроннинг баллистик ракеталари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Форслар бу типдаги ракеталар билан Американинг минтақадаги ҳарбий базалари ва энергия инфраструктурасига зарба бера олади. Бироқ, юқорида таъкидланганидек, агар Теҳрон ҳарбий ҳаракатлар бошлангач тез вақт ичида бу ракеталаридан фойдаланиб қолмаса, АҚШ кучлари уларни турган жойида вайрон қилишини кутиш мумкин.

Шу боисдан ҳам, Эрон қаршисида росманасига «ё қуролингдан фойдалан, ёки қуролсиз қол» дилеммаси туради.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ ойлар давомидаги ҳужумлари билан Эронни буткул қуролсизлантира олмаслиги мумкин, лекин Теҳрон ўзининг қисман устунлиги саналувчи қуролларидан, айниқса бошқарилувчи ракеталари ва денгиз кучларидан душманга зарба бериш учун фойдаланишни қанчалик узоқ вақт ортга сураверса, АҚШ бу қуролларни улар отилмай туриб йўқ қилиши риски ҳам шунчалик ошиб бораверади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top