17:18 / 15.10.2019
1
15212

Жиззахда ишдан бўшатилиб меҳнат дафтарчаси қайтариб берилмаган ходимга 68 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи ундириб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судлари томонидан 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида меҳнат низолари билан боғлиқ 176 та фуқаролик иши кўриб чиқилган. Шундан 127 таси бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган, 30 таси бўйича даъво рад этилган, 16 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган ва 3 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак. Раҳим Аҳмаджонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) "Агробанк" Жиззах вилояти бошқармасининг 2010 йил 24 февралдаги буйруғи билан банкнинг Фориш тумани филиали бошқарувчиси лавозимига тайинланган.

Аммо 2012 йил 28 июлда Р. Аҳмаджонов аттестациядан ўтолмагани сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

"Агробанк"нинг Жиззах вилояти бошқармаси 2012 йил 28 июлда даъвогарни ишдан бўшатган бўлса-да, шу вақтга қадар меҳнат дафтарчасини унга топширмаган ёки топшириш чорасини кўрмаган. Шу билан бирга, даъвогар ишдан бўшаганида меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўймаган.

Р. Аҳмаджонов "Агробанк"нинг Жиззах вилояти бошқармасига нисбатан меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмагани учун ўртача ойлик иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилди.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, Р. Аҳмаджонов туман прокурорининг 2012 йил 5 сентябрдаги қарори билан қамоққа олинган. 

Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2013 йил 22 февралдаги ҳукми билан унга  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2015 йил 1 майдаги қарори билан унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш жазоси билан алмаштирилган ва у озодликка чиққан. 

Р. Аҳмаджонов 2012 йил 28 июлдан бошлаб ҳозирги кунга қадар бўлган даврга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермагани оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашни талаб қилган бўлса-да, айнан 2012 йил 5 сентябрдан — 2015 йил 1 майга қадар у қамоқда бўлган. 

Суд даъвогарнинг мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилди. Бунда даъвогар ишдан 2012 йил 28 июлда ишдан бўшатилгани ва иш берувчи ҳозирги кунга қадар унинг меҳнат дафтарчасини бермагани аниқланди. 

Суд 2012 йил 5 сентябрдан — 2015 йил 1 майга қадар бўлган муддат назарда тутилмаган тақдирда ҳам, жавобгар даъвогарнинг меҳнат дафтарчасини 50 ой муддат давомида бермасдан келганини инобатга олди. Ушбу давр учун даъвогарнинг ўртача иш ҳақи  1 миллион 372 минг 409 сўмни 50 ойга кўпайтириб, жами 68 миллион 620 минг 450 сўмни мажбурий прогул кунлари учун жавобгардан даъвогар фойдасига ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

Шунингдек, суд даъвогарнинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, маънавий зарарни 1 миллион сўм деб баҳолади.

Жавобгардан даъвогар фойдасига шунча миқдорда маблағ ундиришни лозим, деб топди.

Қисқаси, иш берувчининг қонун талабига риоя этмаслиги унинг ўзига қимматга тушди.

Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Шунингдек, "Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 3.1-бандида ходим билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимнинг мазкур ташкилотда ишлаган даврида меҳнат дафтарчасига киритилган иши тўғрисидаги маълумот, яъни ёзувлар корхона раҳбари ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахснинг имзоси ва корхона ёки ходимлар бўлимининг муҳри билан тасдиқланади.

Иш берувчи айби билан, масалан, моддий жавобгар ходимга бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. 

Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади.

Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув ушбу Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди.

Меҳнат кодексининг 275-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир талабларини тўлиқ қаноатлантиради.

Меҳнат кодексининг 112-моддаси 5-хатбошисига биноан, маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади. Лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларига киришар экан, улар меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари зарур.

Собир НАБИЕВ,
 фуқаролик ишлари бўйича
 Жиззах вилояти судининг судьяси

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top