14:20 / 15.10.2019
0
6830

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги янги агентлик бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш Агентлиги тўғрисидаги Низом;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, энг янги ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш ва спорт ускуналари, анжомлар, инвентарь ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш дастури;

2020 – 2025 йилларда ижод мактаблари фаолиятини такомиллаштириш концепцияси;

Агентлик ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармасининг Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги ПҚ-4034-сон қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига тегишли Тошкент шаҳри, Дўрмон йўли кўчаси, 29 уй манзилида жойлашган маъмурий бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Агентликка ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан Агентлик биносини таъмирлашга лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маблағлар ажратсин ва 2020 йилда давлат экспертизасидан ўтган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ объектнинг қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги маблағларни ажратади.

Белгиланишича:

Агентлик ва унинг бўйсунувидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар таълим ва маслаҳат хизматлари, интеллектуал мулк ҳуқуқлари, хорижий ходимлар билан таъминлаш бўйича шартномаларни тузиш юзасидан юридик шахсларнинг фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ягона ижтимоий тўловлардан шунингдек шартнома асосида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг жисмоний шахслар даромад солиғидан ва ойлик иш ҳақи ҳисобидан ягона ижтимоий тўловлардан;

таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотлар ёки доимий муассаса орқали Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб борадиган хорижий ташкилотлар Агентлик ва унинг бўйсунувидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари билан тузилган шартномалари асосида барча турдаги солиқлардан, шунингдек меҳнат шартномаси асосида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг жисмоний шахслар даромад солиғи ва ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўловлардан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги белгиланган тартибда Агентлик буюртманомалари бўйича лойиҳа доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларига консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кириш визалари расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибига асосан юқори малакали ва малакали мутахассисларни Агентлик ва унинг бўйсунувидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга жалб этишда иш берувчининг рухсатнома ва чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олишидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Агентлик ва унинг бўйсунувидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентлик тузилмаси қуйидагилардан иборат:

Агентликнинг марказий аппарати;

Президент мактаблари;

Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Эркин Воҳидов номидаги хорижий тилларни ўқитишга ҳамда она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини ҳамда хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби;

Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб;

Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ўзбек тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Ибройим Юсупов номидаги хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат;

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб;

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати;

Абу Али Ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг фаолиятини ягона шаклда мувофиқлаштириш, ривожлантириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар ва уларнинг фаолияти, ўқув режалари ва дастурларига тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани мукаммаллаштириш ва замон талаби билан уйғунлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги «O‘qituvchi» илмий-услубий нашриёт маркази билан биргаликда Агентлик тузилмасидаги мактаблар учун мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро ва миллий талабларга жавоб берадиган, янгиланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланма ва адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг ўқув-тарбиявий жараёнида илғор таълим шакллари, замонавий ахборот технологиялари ва педагогик инновацияларни жорий этиш;

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг ўқувчиларида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматни шакллантириш, уларнинг маънавий-маърифий, ахлоқий, психологик, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада оширишга қаратилган илғор таълим шаклларини жорий этиш;

халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда Агентлик тузилмасидаги мактабларга педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

Агентлик тузилмасидаги мактабларда чет тилларини ўқитишнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик тузилмасидаги мактабларда таълим сифатини тизимли мониторингини олиб бориш учун илғор технологияларни қўллаш;

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш бўйича мониторинг олиб бориш ва уларни мувофиқлаштириш.

Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг ўқувчиларида ватанпарварлик, Ватанга беқиёс муҳаббат ва содиқлик туйғуларини, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур ҳурматни шакллантиришга йўналтирилган таълим-тарбия жараёни сифатини оширади;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар битирувчиларининг давлат ва чет тилларини мукаммал билиши учун зарур шарт-шароитларни яратади;

Агентлик тузилмасидаги мактабларга малакали ва тажрибали, чуқур билимли ва маҳоратга эга, давлат ва чет тилларини, замонавий педагогик технологиялари ва ўқитишнинг инновацион услубларини мукаммал ўзлаштирган педагогларни жалб қилади;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар битирувчиларининг республика олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун зарур шарт-шароитларни, шу жумладан ихтисослаштирилган олий таълим тизимининг фаолият юритиши орқали керакли шароитларни яратади;

Президент мактаблари битирувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киришига тайёрлайди;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашиши учун шароит яратади;

ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий қилган ҳолда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини кўпайтиради;

Агентлик тузилмасидаги мактабларда миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги асарларга эга бўлган замонавий кутубхоналарни ташкил этади;

Агентлик тузилмасидаги мактабларда ўқув-услубий жараённи автоматлаштиришни ва уларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни таъминлайди;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар ўқув жараёнига таълимнинг илғор шаклларини, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш мақсадида хорижий таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўяди;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар, уларнинг моддий жиҳозланиши, улардаги ўқув режалари, ўқув дарсликлари ва дастурлари учун ўрнатилган Давлат таълим стандартларини ишлаб чиқади, мукаммаллаштиради ва тасдиқлайди;

Агентлик тузилмасидаги мактабларда барча умумтаълим фанлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Агентлик тузилмасидаги мактабларни замонавий спорт зал, инвентарь, ускуна ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди;

Агентлик тузилмасидаги мактаблар учун дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни яратиш, тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишларни 10-чи бандга мувофиқ олиб боради;

ўқувчиларнинг таълимда эришган ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг иштироки бўйича халқаро тажрибани ўрганади ва татбиқ этади;

Агентлик тузилмасидаги мактабларнинг ўқувчиларини турли фанлардан халқаро олимпиадаларда иштирок этишини ҳамда хорижий маданий-маърифий сафарларини ташкил этади;

Агентликнинг марказий аппарати ва идоравий мансуб муассасаларнинг ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш ҳамда уларнинг хизмат сафарлари ва стажировкалари, жумладан хорижий илмий текшириш, таълим ва бошқа муассасаларига юборишни ташкил этади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top