10:35 / 17.10.2019
1
21053

ОАВ тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири: яширин аудиодан фойдаланиш ҳолатлари аниқлаштирилмоқда

Фото: Shutterstock

 «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди. Тегишли ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган.

 Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

 оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги;

 оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги;

 оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

 оммавий ахборотлар воситалари фаолияти соҳасида сўз эркинлиги, ошкоралик ва очиқлик;

 оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги.

Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги

 Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир.

 Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

 Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

 Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги

 Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлиги давлат ҳимоясида бўлади.

 Оммавий ахборотлар воситалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.

 Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

 Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:

 солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

 давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

 моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;

 таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

 оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

 оммавий ахборот воситаларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

 таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

 Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас.

 Цензурага йўл қўйилмаслиги

 Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

 Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги

 Оммавий ахборот воситаларидан:

 Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

 уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

 давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

 миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;

 агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

 порнографияни тарғиб этиш;

 қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

 Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

 Ноқонуний хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида жабрланган вояга етмаганлар тўғрисидаги, шу жумладан унинг фамилияси, исми, отасининг исми, фотосурати ва видео тасвирларини, овозининг аудио ёзуви, унинг ота онаси ва бошқа вакиллари, туғилган санаси, доимий турар жойи ёки вақтинчалик турар жойи, ўқиш ёки иш жойи ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида шунингдек ахборот ва телекоммуникация тармоқларида тарқатилиши тақиқланади. Бундай вояга етмаган шахснинг шахсини бевосита ёки билвосита аниқлаш ушбу Қонуннинг 41-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 Оммавий ахборот воситаларидан жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

 Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

 Оммавий ахборот воситаларининг тили

 Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.

 Давлат оммавий ахборот воситаларини ташкил қилиш ва тарқатишда, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир инсоннинг ўз она тилидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди.

 Оммавий ахборот воситаларида у чиқарилаётган тилнинг расмий қоидаларига амал қилиниши шарт.

 Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш

 Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, уларнинг бирлашмалари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар. Оммавий ахборот воситалари юридик шахс шаклида ҳам, юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ҳам таъсис этилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаси бир нечта муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

 Жисмоний шахслар оммавий ахборот воситасининг муассиси бўлганда тегишли шартнома асосида ўзи муассиси бўлган ва/ёки бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан таҳририят, муҳаррир, журналист, ношир, тарқатувчи сифатида қатнашиши мумкин.

 Қуйидагилар оммавий ахборот воситасининг муассиси (бундан буён матнда муассис деб юритилади) бўлиши мумкин эмас:

 ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

 қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс;

 фаолияти қонун билан тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилоти.

 Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари таъсис этилишига йўл қўйилмайди.

 Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби

 Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда муассис томонидан берилади.

 Муассиснинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

 Оммавий ахборот воситаси ваколатли орган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган ва рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига тегишли ёзув киритган пайтдан бошлаб рўйхатдан ўтган ҳисобланади. Рўйхатдан ўтказувчи орган тегишли қарор қабул қилинган куни рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига ёзувлар киритилишини таъминлаши шарт.

 Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳамда қайта рўйхатдан ўтказганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат божи олинади.

 Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш

 Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

 оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонун ҳужжатларига зид бўлса;

 оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу Қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;

 оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

 бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса.

 Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор чиқарилгандан кейин бир кун ичида аризачига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда билдириш юборилади (топширилади), унда рад этиш сабаблари, шунингдек аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

 Муассис рўйхатдан ўтказувчи органнинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин.

 Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш

 Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

 Қуйидагилар рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади:

 оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги;

 агар оммавий ахборот воситаси бир йилдан ортиқ вақт давомида нашр этилмаган бўлса (эфирга узатилмаган бўлса);

 агар таҳририят устави ёки унинг ўрнини босадиган шартнома оммавий ахборот воситаларида биринчи марта эълон қилинган (эфирга қўйилган) кундан бошлаб уч ой мобайнида рўйхатга олиш органига юборилмаган бўлса;

 агар оммавий ахборот воситаси қайта рўйхатдан ўтказилган бўлса.

 Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши шарт. Суднинг оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарори кучга кирган санадан бошлаб беш иш куни ичида рўйхатдан ўтказувчи орган оммавий ахборот воситаларининг ягона реестрига тегишли ёзув киритади.

 Жисмоний шахс вафот этган ёки оммавий ахборот воситасининг таъсисчиси бўлган ва ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари таҳририятга ўтказилмаган юридик шахс тугатилган тақдирда, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилади.

 Рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига тегишли шахсни вафот этганлиги ёки юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахснинг тугатилганлиги тўғрисида маълумот киритилган пайтдан бошлаб бир йил ўтгандан кейин оммавий ахборот воситаларининг ягона реестрига тегишли ёзув киритади.

 Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш

 Оммавий ахборот воситасининг фаолияти фақат муассиснинг қарори билан ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризаси асосида суднинг қарорига кўра тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши мумкин.

 Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таҳририят уставида (низомида) ёки муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда тўхтатиб туриш ёки тугатишга ҳақлидир.

 Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ўз қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни уч кун ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт. Мазкур хабарнома ушбу оммавий ахборот воситаси чиқарилишининг тўхтатиб турилиши ёки тугатилишидан олдинги сўнгги чиқарилишларидан бирига жойлаштирилиши керак.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини суд қарорига кўра тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан таҳририятга нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонун ҳужжатлари бузилиши такрорий ёзма огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган қонун ҳужжатлари бузилишлари бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар муассис ва (ёки) таҳририят томонидан судга тақдим этилганидан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

 оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассис ва (ёки) таҳририят номига илгари камида икки марта ёзма огоҳлантириш ёки тақдимномалар юборилганидан кейин бир йил давомида бундай қонунбузилишларнинг такрор содир этилганлиги;

 суднинг оммавий ахборот воситасини чиқаришни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;

 оммавий ахборот воситасининг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;

 қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилишига сабаб бўлади.

 Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида муассис томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, таҳририят муассиснинг рухсати билан худди шундай номдаги оммавий ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис этишга ҳақлидир. Бундай ҳолда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

 Ваколатли давлат органи:

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

 оммавий ахборот воситалари (даврий нашрлар, ахборот агентликлари

ва Интернет нашрлари)ни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга оширади;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

 рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг реестрларини юритади;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳаси субъектларига уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларда услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;

 давлат органлари томонидан ташкил этиладиган оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни мақбуллаштириш ва илғор инновациялар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

 журналистларни аккредитация қилиш қоидаларини тасдиқлайди;

 Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

 оммавий ахборот воситалари фаолияти мониторингини юритади;

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиладиган хорижий даврий нашрларнинг ҳисобини юритади;

 оммавий ахборот воситалари соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

 ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

 Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат

ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ижро этилиши учун мажбурийдир.

 Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги

 Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

 Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.

 Ахборотнинг махфийлигини таъминлаш

 Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас, бундан мазкур маълумот суд томонидан, унда кўриб чиқилаётган иш билан боғлиқ тарзда талаб қилинган ҳолатлар мустасно.

 Таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.

 Таҳририят тарқатилаётган хабар ва материалларида жиноятни содир этган ёки жиноят содир этишда гумон қилинаётган вояга етмаган шахснинг, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жамиятга қарши ҳарактлар қилган шахснинг номини бевосита ёки билвосита кўрсатувчи маълумотларни вояга етмаган шахснинг ва унинг ҳуқуқий вакилининг розилигисиз ошкор этиш ҳуқуқига эга эмас.

 Таҳририят ушбу қонуннинг 10-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган ахборотни, ўз тарқатаётган хабарлар ва материалларида беришга ҳақли эмас, агар ушбу ахборот қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган вояга етмаган шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тарқатилаётган бўлса, бундай ҳолатлар бундан мустасно. Бундай ҳолатларда ушбу ахборотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек ахборот-телекоммуникация тармоқларида:

 қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган,

ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг ўз розилиги ва унинг ҳуқуқий вакилининг розилиги билан;

 қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг ҳуқуқий вакилининг розилиги билан;

 агар ушбу розиликни олиш мумкин бўлмаса, ёхуд ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг қонуний вакили мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган бўлса, қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг ва (ёки) унинг ҳуқуқий вакилининг розилигисиз тарқатилиши мумкин.

 Яширин ёзув

 Яширин аудио ва видео ёзувлар, кино ва фотосуратлар ёрдамида тайёрланган хабарлар ва материалларни тарқатишга қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:

 яширин ёзувдаги шахсларнинг ўз розилиги билан;

 агар яширин ёзув шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига, қонуний манфаатларига зид келмаса;

 агар жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш зарур бўлса ва яширин ёзувдаги шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаслиги чоралари кўрилса;

 агар ёзувни намойиш қилиш суднинг қарори билан амалга оширилган бўлса.

 Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи

 Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

 Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

 Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

 Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

 Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top