20:50 / 23.10.2019
0
89120

ОАВда Президент девони собиқ ходими жиноий гуруҳ тузгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура ва Олий суд вазиятга ойдинлик киритди

Шу кунларда ижтимоий тармоқда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ишлар бошқармаси собиқ бўлим бошлиғи Асатулла Дўстов уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилгани ва гуруҳ томонидан амалга оширилган жиноятлар ҳақида хабарлар тарқалди.

Jahon нашри маълумотига кўра, ушбу гуруҳ Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимларини эгаллашда, шунингдек, университетларга ректорликка, туманларга ҳокимликка тайинланишда ёрдам кўрсатишни таклиф қилган.

Бош прокуратура ва Олий суд матбуот хизматлари  Kun.uz’га ушбу хабарлар юзасидан маълумот берди.

Бош прокуратура хабарига кўра, жиноий гуруҳ фаолияти олти йил аввал фош этилиб, 2014 йилнинг февраль ойида айбдорларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо тайинланган.

1963 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Асатулла Исмоилович Дўстов Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси умумий бўлимининг экспедиция мудири лавозимида ишлаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 19 февралдаги ҳукмига кўра, у товламачилик, мансаб сохтакорлиги, пора бериш, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби қатор жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган ва 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар беришича, Асатулла Дўстов 2014 йилдаги суд ҳукми юзасидан келтирилган кассация тартибидаги шикояти қаноатлантирилмаган.

«Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 19 февраль кунидаги ҳукмига кўра,  Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси умумий бўлимининг экспедиция мудири лавозимида ишлаган Асатулла Дўстов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,165-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 165-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 25,168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 28,211-моддаси 3-қисми «а», «б», «в» бандлари, 242-моддаси 1-қисми ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. 

Унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. 

А.Дўстов томонидан келтирилган кассация тартибидаги шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, ушбу суднинг 2019 йил 10 октябрдаги ажримига кўра қаноатлантирилмади ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 19 февралдаги ҳукмининг А.Дўстовга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилди», дейилади Олий суд матбуот хизмати маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил августида президент девони президент администрацияси этиб қайта ташкил этилган ва Зайнилобиддин Низомиддинов администрация раҳбари бўлганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top