12:00 / 02.11.2019
0
4812

Ўзбекистон халқаро робототехника мусобақасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди

InnoWeek-2019 инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 29-31 октябрь кунлари Халқаро робототехника мусобақаси ўтказилди ва унда Ўзбекистон ёшлари жамоавий ҳисобда бирини ўринни эгаллади. 

Халқаро робототехника мусобақаси икки ёш тоифасида (9-16 ёшдагилар “Junior” ва 17-23 ёшдагилар “Senior”) ўтказилди. “The First OIC Robotics Challange” мусобақаси Ислом тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ИҲТнинг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) билан ҳамкорликда ташкил этилган, унда ИҲТга аъзо 25 давлатдан жамоалар қатнашди.

Халқаро мусобақада катталар (Senior) “Robo-sumo”, “Robo-football” йўналишларида, ёшлар (Junior) эса “Waste sort out”, “Kegelring” ва “Robo-sumo” йўналишларида иштирок этдилар. Мусобақада Малайзия, Миср, Покистон ва Туркиядан мутахассис ҳакамлар жалб этилди.

Мусобақаларнинг биринчи ва иккинчи кунларида саралаш беллашувлари бўлиб ўтди, учинчи кунида икки ёш тоифасида ярим финал ва финал босқичлари ўтказилди.

“Senior” ёш тоифасининг “Robo-football” йўналишида Иордания ва Ўзбекистон вакиллари финалда беллашди ва унда Иордания вакиллари ғолиб деб топилди, Ўзбекистон жамоаси иккинчи ўрин, Қозоғистон жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

“Robo-sumo” йўналиши бўйича финалда Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари баҳс юритиб, Тожикистон вакиллари биринчи ўрин, Қирғизистон иккинчи, Ўзбекистон учинчи ўринни эгаллади.

“Junior” ёш тоифаси “Waste sort out” йўналишида Қозоғистондан келган икки жамоа биринчи ва иккинчи ўринларни, Ўзбекистон вакиллари учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, “Kegelring” баҳсида барча совринли ўринлар Ўзбекистон вакилларига насиб этди.

“Junior” ёш тоифасининг “Robo-sumo” йўналишида биринчи ўринни Қирғизистон, иккинчи ўринни Ўзбекистон вакиллари эгаллади, учинчи ўрин Тожикистонликларга тегди.

“Senior” ёш тоифасининг ғолибларига Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ажратилган “Robo-football” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган жамоа учун 6000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 4000 АҚШ доллари, учинчи ўрин учун 2000 АҚШ доллари хамда “Robo-sumo” йўналиши бўйича биринчи ўрин учун 5000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 3000 АҚШ доллари, учинчи ўринни олган жамоага эса 1000 АҚШ долларига тенг чеклар тақдим этилди.

“Junior” ёш тоифасининг ғолибларига эса мусобақа ҳамкор ва ҳомийлари томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Мусобақа якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринни, Қирғизистон ва Қозоғистон иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top