18:08 / 11.11.2019
5
109289

Абдулла Арипов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг имзоларини қалбакилаштирган жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилди

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг имзоларини қалбакилаштирган шахсларни қўлга олишди ва уларга суд ҳукми ўқилди. Фирибгарлик йўли билан катта маблағ «ишлаб олган» бу шахслар Чилонзор тумани ҳокимлиги ходимлари бўлган.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов Kun.uz’га хабар қилишича, 2019 йил 23 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида ушбу иш доирасида судланувчилар Тимурхўжа Жавдатхўжаев, Камолиддин Аҳмедов (Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган), Абдушукур Абдукаримов, Саид Тўхтаев (Тошкент шаҳар Чилонзор тумани қурилиш бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган), Мирсаттор Раджаповга (юрист) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Т.Жавдатхўжаев 2017 йил февраль ойида М.Раджаповга Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи К.Аҳмедовни Вазирлар Маҳкамаси ходими сифатида таништирган. М.Раджапов ва фуқаровий даъвогар Б.Фатиллоев пора беришга далолат қилинган.

Жавдатхўжаев ва Аҳмедов ҳокимликда юқори лавозимда танишлари борлигини айтиб, Чилонзор ва Яшнобод туманларидан 1 млн 190 минг АҚШ доллари эвазига эгалик ҳуқуқи асосида ер ажратиш ҳақидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини чиқартириб беришни ваъда қилишган. Шунингдек, ишончга кириш учун сохта ҳужжатлар тайёрлашган. К.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг номи билан расмийлаштирилган сохта баённома, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ҳокимликнинг бошқа масъуллари номидан тузилган сохта қарорни М.Раджаповга тақдим этган.

Судланувчи Т.Жавдатхўжаев 2017 йил февраль ойидан 2018 йил сентябрь ойига қадар Тошкент шаҳрининг турли жойларида М.Раджаповдан жами 527 минг АҚШ доллари олиб, шундан 67 минг долларини К.Аҳмедовга берган. Улар жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олишмаган ва яна 663 минг АҚШ долларини қўлга кирита олишмаган.

Худди шунга ўхшаш ишни фуқаровий даъвогар М.Акоевага нисбатан ҳам такрорлашган. Унга Учтепа туманидан ер олиб беришни ваъда қилиб 40 000 АҚШ доллари олишган.

Сўнгра Т.Жавдатхўжаев А.Абдукаримов ва Тошкент шаҳар Миробод тумани Бош архитектори ёрдамчиси лавозимида ишлаган C.Агзамходжаев билан ҳам ўзаро тил бириктириб, жабрланувчи А.Набиевга 15 000 АҚШ доллари эвазига Миробод тумани ҳудудидан ер олиб беришни ваъда қилишган. Набиевдан 2017 йил ноябрь-декабрь ойларида жами 11 700 АҚШ доллар олишган.

Бундан ташқари, Т.Жавдатхўжаев, К.Ахмедов ва А.Абдукаримов Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасида архитектор лавозимида ишлаган судланувчи С.Тўхтаев билан бир гуруҳ бўлиб, жабрланувчи А.Набиевга Олмазор туманидан ерга эгалик қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, 185 000 АҚШ доллари сўрашган. 2018 йил февраль ойида фирибгарлик йўли билан А.Набиевдан жами 40 000 АҚШ доллари олишган.

Т.Жавдатхўжаев жабрланувчи С.Башарходжаевга биргаликда Тошкент шаҳрида ресторан-клуб ташкил қилишни ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, даромад олишни таклиф қилган. С.Башарходжаевдан жами 88 000 АҚШ доллар (78 422 640 сўм) ва 20 000 000 сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Т.Жавдатхўжаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» бандида, К.Ахмедовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандларида, А.Абдукаримовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» бандида, С.Тухтаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» бандида, М.Раджаповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, бу шахсларга қуйидагича ҳукмлар ўқилди:

Т.Жавдатхўжаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.

К.Ахмедовга ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А.Абдукаримовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

С.Тухтаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 57-моддасини қўлланди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

М.Раджаповга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Айни пайтда, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган ҳукм қонуний кучга кирмаган. Ҳозирги кунда Т.Жавдатхўжаев, К.Ахмедов, А.Абдукаримов ва М.Раджапов томонидан суднинг ҳукми устидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун келтирилган шикоятлари тегишли тартибда расмийлаштирилди. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида 2019 йил 5 декабрь куни кўриб чиқилиши белгиланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top