16:19 / 12.11.2019
0
19105

Озиқ-овқатни исроф қилмаслик учун қандай йўл тутиш керак? 7та амалий маслаҳат

Ҳар йили 1,3 млрд тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юборилади, уларнинг аксарият қисми чиқиндихоналарга жойлаштирилади. Бу нафақат атроф-муҳитга зарар етказади, балки иқлим ўзгаришларига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказа олади.

Шу каби ўйламасдан амалга ошириладиган исрофгарчиликлар инсоният олдидаги энг катта муаммолардан бирига айланмоқда, деб ҳисоблайди нью-йорклик ошпаз Макс Ла Манна.
У шу мавзуга бағишланган «Кўпроқ ўсимлик, камроқ чиқинди» номли китобини ёзган.

Макс Ла Манна «Би-би-си»га берган интервьюсида ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳар биримиз нима қилишимиз кераклиги ҳақида тўхталиб ўтган. 

«Овқат болалик чоғларимдан ҳаётимнинг муҳим қисми бўлиб келган, ахир менинг отам бош ошпаз эди. Ота-онам мени овқат исрофига йўл қўймасликка ўргатишган. Ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолиси деярли 9 миллиард кишини ташкил этади, уларнинг 820 миллиондан ортиғи тўйиб овқатланиш бахтидан маҳрум.

Озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қилиш инсониятнинг энг катта муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Барча озиқ-овқатларнинг учдан бир қисми шунчаки далаларда чиримоқда ёки чиқиндига ташланмоқда.

Шу билан бирга, нафақат озиқ-овқат, балки пул, сув, энергия, ер ва транспорт исроф қилинади.

Сиз чиқинди қутисига ташлаётган овқат иқлим ўзгаришларига ҳам таъсир кўрсатади, чунки уларнинг аксарияти чириш жараёнида метан чиқадиган чиқинди тепаларга олиб борилади.

Агар озиқ-овқатларни алоҳида мустақил давлат сифатида тасаввур қилсак, у иссиқхона газлари манбаси бўйича АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи поғонада борарди. Аммо сиз бунга қарши курашга ҳисса қўшишингиз мумкин», дейди у.

Мақсадли харидларни амалга ошириш

Кўпчилик супермаркетда керагидан ортиқ озиқ-овқат харид қилади / GETTY IMAGES

Биз кўпинча ўзимизга керагидан ортиқ овқат харид қиламиз.

Супермаркетга боришдан олдин сизга ҳақиқатан ҳам керак бўлган нарсалар рўйхатини тузиш ва ортиқча нарса харид қилмаслик керак бўлади.

Бундан ташқари, кейинги сафар дўконга боришдан олдин бунгача сотиб олган барча маҳсулотларингиздан фойдаланинг.

Овқатни тўғри сақлаш

Айрим меваларни музлатгичга солиш керак эмас / GETTY IMAGES

Овқат кераклича эътибор бериб сақланмаса яроқсизга айланади.

Аксарият кишилар айнан қайси маҳсулотларни совутгичда ёки хона ҳароратида асраш кераклигини билишмайди. Бу сабзавот ва мевалар ачишига ва кейинчалик бунинг натижасида чиқинди уюмлари «қад ростлаши»га туртки бўлади.

Картошка, пиёз, помидор, саримсоқпиёз ва бодрингни музлаткичда сақлаш ярамайди — уларни хона шароитида сақланг.

Кўкатларни сувли идишда асраш мумкин.

Агар уйингизда керагидан ортиқча нон тўпланиб қолса, уни совутгичнинг музхонасига қўйинг.

Супермаркет ёки бошқа турли дўконларда энг чиройли кўринишга эга бўлмаган мева ва сабзавотларни харид қилинг. Уларнинг мазаси бошқаларидан қолишмайди, аммо аксарият инсонлар уларни сотиб олишни хоҳламаганликлари учун бу каби маҳсулотлар чиқиндихоналарни тўлдиради.

Агар сизда имконият бўлса, сархил маҳсулотларни деҳқонларнинг ўзидан ёки деҳқон бозорларидан сотиб олинг.

Музлаткич чала истеъмол қилинган таомлар билан банд

Қолдиқлар ҳам фойдалидир.

Агар сиз тез-тез овқат пиширсангиз ва доимо нимадир ортиб қолса, ҳафтада бир кунингизни музлаткичдаги барча чала ейилган қолган таомларни истеъмол қилишга ёки ишлатилмай қолган маҳсулотлардан фойдаланишга сарфланг.

Шунда бу овқат чиқиндига айланмайди, вақтингиз ва пулингиз ҳам тежалади.

Музхона ёддан кўтарилмасин

Мева, сабзавот ва гўшт музлатгичда сақланиши керак / GETTY IMAGES

Ҳаммасидан осони овқатларни музхонада сақлашдир.

Масалан, сизда салат учун мос бўлмаган юмшаган сабзавотларни музлатиб, кейинчалик улардан смузи ёки бошқа нимадир тайёрлаш мумкин.

Ортиқча кўкатларни муз идишига жойлаб, сув билан музлатиб қўйса бўлади. Кейинчалик уларни шўрвага солса бўлади.

Музлаткичда чала ейилган таомларни, ҳаттоки суюқ таомларни асрашнинг иложи бор. Шунда ҳар доим мазали ва тайёр овқатга эга бўласиз, бунинг учун уни иситиш кифоя.

Иш учун уй тушлиги

Уй овқати - энг яхшиси / GETTY IMAGES

Ҳамкасблар билан тамаддихонага, айниқса севимли ресторанингизга бориш, албатта, ёқимли. Аммо бунда пул кетиши ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўринсиз сарфланишини ҳам инобатга олинг.

Энг яхшиси, уйдан овқат олиб кетишдир. Агар эрталаб овқат тайёрлашга вақтингиз бўлмаса, музхонадан фойдаланинг.

Бульон тайёрлаш

Бульонни исталган нарсадан тайёрлаш мумкин / GETTY IMAGES

Ортиб қолган сабзавотлар ва ишлатилмаган нарсаларни тезда қовуринг ёки қиздиринг. Сўнг барчасини кастрюлькага солиб, зайтун мойи ёки сариёғ, севимли зираворларингизни қўшиб сув қуйинг ва ўртача оловда қайнатинг.

Кейин ўз пазандалигингиздан роҳатланишингиз мумкин.

Компост тайёрлаш

Компостни уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкин / GETTY IMAGES

Компост жуда фойдали органик ўғит ҳисобланади, шунингдек бу атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда озиқ-овқат чиқиндиларидан халос бўлишнинг яхши усули ва ёввойи табиатга ёрдам бериш ҳисобланади. 

Ҳаммада ҳам боғ мавжуд бўлмаслиги мумкин, аммо оддий шаҳар хонадонида уй компости тайёрлаш учун кўплаб рецептлар мавжуд. 

Ушбу турдаги компост хонаки ўсимликларингиз барқ уришига ажойиб ёрдам беради.

Қадамба-қадам

Озиқ-овқат чиқиндиларини қисқартиришнинг етарлича усуллари топилади ва ҳар биримиз буни амалга ошира оламиз.

Агар сиз оилангиз кунига қанча овқатни ташлаб юборишини таҳлил қилиб кўрсангиз, оилавий одатларни ўзгартириб, қадрли табиат бойликларини асрашга ўз ҳиссангизни қўша оласиз.

Ҳаттоки харид, овқат тайёрлаш ёки уни истеъмол қилиш жараёнида амалга оширган митти ўзгаришингиз ҳам бизни ўраб турган оламни авайлашга ёрдам беради.

Арзимаган куч сарфлаб, сиз чиқинди қутисидаги овқат чиқиндиларини камайтириш, пулингиз ва вақтингизни тежаш ва энг асосийси табиатга шунчаки ёрдам берасиз.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top