12:19 / 18.11.2019
0
4189

Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари музокаралари якунлари бўйича қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжатда 2019-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги фани, ишлаб чиқариш, сертификатлаш, савдо, рақамлаштириш, ветеринария ва чорвачилик, ўсимликлар карантини соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш чоралари белгиланган.

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Бош вазир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 9 ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг товар айланмаси қарийб 770 миллион долларни ташкил қилди. Қозоғистоннинг Ўзбекистонга асосий экспорти буғдой ва меслин, буғдой уни, кунгабоқар, шакар, қорамолдан иборат. Ўзбекистон асосан Қозоғистонга гилос ва олча, янги узум, ўрик, помидор, шафтоли, хурмо, сабзавотларни экспорт қилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top