08:35 / 19.11.2019
0
23206

Тергов департаменти Олтиариқдаги портлаш бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди

Фото: Тергов департаменти

Аввал хабар қилинганидек, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Ҳ.Олимжон маҳалласидаги икки қаватли уйларнинг бирида газ сизиб чиқиши оқибатида газ портлаши содир бўлган эди. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ушбу газ портлаши хонадон эгаси И.Х.нинг яшаш уйида истеъмоли учун қўлбола усулда шланг ва пластик қувур орқали олиб кирилган табиий газнинг сизиб чиққанлиги ва газ ҳиди келиб турганлигини билиб, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан электр чироғини ёқиши натижасида келиб чиққанлиги аниқланган.

Мазкур газ чақнаши оқибатида, хонанинг шифт қисми ёниб кетган ва хонадон эгаси И.Х. Олтиариқ тумани Тиббиёт бирлашмасининг ШТТЁБга мурожаат қилган.

Тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасига асосан фуқаро И.Х.да юз, иккала кафт бармоқлари соҳалари куйиш жароҳатлари олганлиги кўрсатиб ўтилган.

Тергов тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида газ трубаларини улашда фойдаланилган қора рангли пластик шланг ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, Сизлардан уйдан чиқаётганингизда ва уйга келганингизда биринчи навбатда хонада ёки газ плитангиздан газ сизиб чиққан ёки чиқмаганлигига эътибор беришингизни ҳамда электр чироқларини ёқишдан аввал хона ҳавосини алмаштиришингиз сўралади.

Шу муносабат билан, бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида қуйидаги ёнғин хавфсизлик талабларига риоя қилишингизни сўраймиз:

қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланманг;

ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;

иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламанг;

газ ускуналарини улашни тартиб қоидаларига қатъий риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўйманг;

агарда хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар беринг.

Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни кўнгилсиз ҳодисалардан сақлаган бўласиз”, - дейилади маълумотда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top