11:10 / 22.11.2019
0
8055

3 йилда республика шаҳарларида 1007та кўп қаватли арзон уй-жойлар бунёд этилди

Президентнинг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганига 3 йил бўлди. 

Аҳолини, шу жумладан, ёш оилаларни, эскирган уй-жойларда яшаётганларни ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларини арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш йўли билан уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида 2016 йил 22 ноябрда ушбу қарор қабул қилинди. Ортда қолган 3 йил давомида қандай амалий ишлар бажарилди?

2017 йил 13 январда “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компаниясига асос солинди. Компанияга қурилиш ишларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш учун буюртмачи вазифаси юклатилди. 2017 йилги давлат дастури бўйича 191 та кўп қаватли уйларни қуриш белгилаб берилди. Дастур ижроси ўз вақтида бажарилди. Биринчи йил бунёд этилган уйларнинг пардозлаш ишларида кичик камчиликлар кузатилди. Аммо, Ўзбекистон тарихида бундай катта ҳажмдаги қурилиш ишлари илк маротаба амалга оширилаётгани ҳисобга олинса, буни қўпол хато дейиш ноўрин. 

Компания зиммасига белгилаб берилган йиллик дастурдан бирорта объектда қурилиш ишлари якунланмасдан қолмади. Ҳаммаси ўз вақтида топширилди. 2018 йилги дастур бўйича 355 та кўп қаватли уйлар қуриш вазифаси юклатилди. Давлат раҳбарининг вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш юзасидан қилган ташрифлари чоғида дастурга қўшимча равишда уй-жойлар қуриш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Натижада йил охирига келиб, жами 413 та кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилди. 

Жорий йилда эса дастур бўйича 403 та кўп қаватли арзон уйлар бунёд этилди. 2019 йилдан бошлаб, 16 қаватли турар-жойлар қурилиши ҳам ўзлаштирилди. Пойтахтнинг Сергели туманида 1 та ҳамда Андижон шаҳрида 2 та ана шундай уйлар қурилишида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компания томонидан 3 йил давомида  1007 та арзон уй-жойлар қурилиб, 42 266 та бахтли оила ўз уйига эга бўлди. Шундай бўлса-да, бугун аҳолининг уй-жойга бўлган талаби тўлақонли қондирилгани йўқ. Ҳали неча минглаб уй-жойга муҳтожлар аризаси бўйича ўз навбати келишини кутмоқда. Ҳали қурилишлар давом этади ва аҳолининг бу борадаги муаммолари бартараф этилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top