18:40 / 28.11.2019
1
36542

«Толибон ҳам афғон жамиятининг бир бўлаги» – президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бўлди.

Маълумот учун: Исматулла Раимович Эргашев, 1960 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, дипломат, мутахассилиги бўйича шарқшунос-филолог. Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистоннинг Хитой, Озарбойжон каби давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритган.

– Исматулла ака, таржимаи ҳолингизга назар ташласак, умрингизнинг 40 йилдан ортиғини айнан Афғонистонни ўрганишга, шу давлат муаммоларини ечишга сарфлаганингизни кўришимиз мумкин. Айтингчи, кечаги Афғонистон билан бугунгисининг фарқи нимада?

– Бу савол, яъни Афғонистондаги вазият муштарийларни, бизнинг халқимизнигина эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятни ўйлантираётган энг катта муаммолардан биридир. Чунки бу давлатдаги ҳолатнинг минтақавий, глобал миқёсдаги таъсири жуда кучли. Вазият мураккаб, зўравонлик, зиддият, ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, миллионлаб афғонлар муҳожир, ўз давлати ичида ҳам қочқин бўлишга мажбур. Бу кулфат авваломбор ўша жафокаш афғон халқига мусибатдир. Лекин шунча йиллик урушларга қарамай афғон халқи тинчлик ва осойишталик ўрнатишга бўлган умидини узмаган.

Яқинда Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллиги нишонлангани шоҳиди бўлдик. Бу байрамда ўзбек ва афғон халқлари ёндош-жондошлигини яна бир бор ҳис қилдик. Чунки бу икки халқ асрлар давомида Амударёнинг икки соҳилида яшаб, бир-бирларига чамбарчас боғланиб кетган. Муштарак динимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, тарихимиз, буюк аждодларимиз халқларимизни бирлаштириб туради. Сўнгги 18 йилда давом этаётган уруш даврида ҳам ўз орзу-умидини йўқотмаган афғон халқи шу қийин ҳолатда ҳам ўз давлатчилигини тузмоқда, ўз қонунчилигини яратмоқда.

Афғонистонликлар яқинда президент сайловларини ўтказишди. Тўғри, сайловлар тўлақонли, халқ истаганидек бўлмади, нотинчликлар соя солиб турди, кўпчилик сайловларда қатнаша олмади. Аммо шунга қарамай 2 миллиондан ортиқ киши бу сайловда иштирок этди. Биз афғон халқининг танловини чуқур ҳурмат қилган ҳолда ҳозирги ва келажакда келадиган ҳукумат билан ҳам дўстона муносабатларни давом эттириш умидидамиз.

Энди Афғонистондаги вазиятнинг бизга таъсири қандайлигига тўхталсак. Президентимиз айтганидек «Афғонистон хавфсизлиги бу – Ўзбекистон хавфсизлиги, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлиги омилидир». Мана шу сўзларнинг ўзи саволимизга жавоб бўла олади.

– Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси бошқа қўшнилар билан солиштирганда энг кичигидир. Лекин негадир айнан Ўзбекистон Афғонистон муаммосини кўпроқ кўтараётгандай таассурот ўйғонади.

– Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича бутун халқаро ҳамжамият жон куйдирмоқда. Тўғри, Афғонистоннинг энг кичик чегаралари Ўзбекистон ва Хитой билан. Аммо чинданам бу икки давлат афғон муаммосини ҳал қилишда энг фаол давлатлар қаторига киради. Албатта бунинг сабаби бор. Юқорида айтганимдай муштараклигимиз, иккинчидан, мўлжаллаган йирик ислоҳотларимизни амалга оширишимиз учун бизга авваламбор ҳудуддаги тинчлик ва барқарорлик керак.

Айнан Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистон муаммосига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор бераётганига сабаб Яқин Шарқдаги нотинчликлар, Африка шимолидаги ҳарбий ҳаракатлар асносида афғон муаммоси жаҳон сиёсатидан четга сурилгандек бўлди.

Шу боис президентимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро конференция ўтказиш бўйича ташаббус билан чиқдилар ва бу ғоя қўллаб-қувватланди. 2018 йилнинг март ойида юқори даражадаги бу тадбир ўтказилди ва унинг якунида «Тошкент декларацияси» қабул қилинди. Айнан Тошкент конференциясида Афғонистонда тинчлик жараёнини йўлга қўйиш бўйича минтақавий ва глобал миқёсда консенсусга эришилди ва халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик музокарларини бошлашга қаратилган хатти-ҳаракатлари фаоллашди.

Биз кундалик ҳаётимизга назар солиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик қандай қиймат эвазига таъминланаётганини идрок этишимиз лозим. Ваҳоланки, ҳар қандай жамиятда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш улкан куч ва ресурсларни талаб қилари. Муҳтарам президентимизнинг ички ва халқаро сиёсат кун тартибларида хафсизлик масалалари алоҳида ўрин эагаллагани бежиз эмас. Айнан шу воқеликдан келиб чиқиб, биз Афғонистон муаммосига муҳим аҳамият қаратамиз ва ушбу мамлакатга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Халқимизда «қўшнинг тинч, сен тинч» деган гап ҳам бор.

– Сиз «Толибон» ҳаракати билан ҳам музокаралар ташкил қилишда иштирок этган дипломатлардан бирисиз. Кенг жамоатчиликда бу ҳаракат бўйича урушдан ўзга нарсани билмайдиган, ҳеч қандай дипломатик муносабатларни тушунмайдиган жангари бир гуруҳ деган фикр шаклланиб қолган.

– Афғонистон бўйича Тошкент тинчлик конференциясидан кейин жаҳон ҳамжамиятининг бу муаммога эътибори кучайди, шу жумладан «Толибон» ҳаракати билан ҳам ўзаро алоқалар ўрнатишга, тинчлик музокараларини чорлашга киришилди. Бу ҳаракатнинг Доҳадаги сиёсий ваколатхонаси билан алоқа ўрнатдик. Албатта, саволингиз ўринли, Афғонистонда 18 йилдан бери давом этаётган узлуксиз уруш асосан шу ҳаракат томонидан амалга оширилмоқда.

Аммо давлатимиз раҳбари бир гапни таъкидладилар – «Толибон» ҳаракати ҳам Афғонистон жамиятининг бир қисми. Улар ҳам давлат келажаги, тинчлик масаласидаги музокараларда иштирок этишлари, ўз овозига эга бўлишлари керак».

Мен сизга бир мисол келтираман – 2001 йили, Германиянинг Бонн шаҳрида Афғонистон бўйича тинчлик конференцияси ўтказилган. Ана шу конференцияда Афғонистондаги барча сиёсий, ижтимоий ва этник кучларнинг раҳбарлари иштирок этган. Фақат бир сиёсий куч – «Толибон» ҳаракатигина четда қолиб кетган, яъни умуман таклиф этилмаган. Ана шу хато туфайли 18 йилдирки афғон халқи жафо чекиб келмоқда.

Демак, биз Афғонистонда тинчлик ўрнатмоқчи бўлсак, бу давлатдаги барча кучларни ва афғон ҳукуматини тинчлик жараёнига жалб қилишимиз керак. Агар қайсидир гуруҳ ёки куч четда қоладиган бўлса, бу ўз-ўзидан уруш ҳаракатлари давоми этишини англатади.

Шунинг учун ҳам биз «Толибон» билан мулоқот ўрнатдик ва уларни тинчлик музокарларида қатнашишга чақирдик. Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа фаол аъзоларининг саъй-ҳаракатлари натижасида тинчлик музокаралари бошланиб кетди.     

Бу музокараларнинг ўзига хос ютуғи сифатида айтиш мумкинки, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод «Толибон» ҳаракати билан 8 раундлик тинчлик музокаралари ўтказди. Аммо Кобулдаги кучли портлашдан ғарб аскарлари ҳалок бўлиши натижасида Дональд Трамп бу музокараларни тўхтатиб қўйди.

Аммо биз бу музокаралар давом этиши тарафдоримиз. Чунки бу икки тараф келишиб олганидан кейингина бевосита ички афғонлар аро музокараларга йўл очилади.

Хулоса қилсак, кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми, шу давлат фуқаролари, улар ҳам мамлакат келажаги, тинчлиги бўйича тадбирларда қатнашишлари шарт. Энг муҳими, уларсиз тинчликни ўрнатиб бўлмайди.

– Табиийки саволнинг мантиқий давоми келиб чиқади – «Толибон» ҳаракати бу музокараларни қандай қабул қилмоқда, қандай талаб ва таклифларни илгари сурмоқда?

– 2018 йил мартдаги конференциядан кейин «Толибон» ҳаракати раҳбарияти билан учрашганимизда мени ҳайрон қолдирган жиҳат уларнинг қуйидаги сўзлари бўлди – «биз тинчлик тарафдоримиз. Юртимиздаги урушлардан биз ҳам чарчаганмиз, қон тўкилишини тўхтатиш ниятимиз бор. Шу билан бирга бизнинг энг асосий талабимиз мамлакатимиз ҳудудидан хорижий ҳарбий кучлар чиқиб кетиши».

«Толибон» раҳбарияти вакиллари Ўзбекистонга нисбатан жуда яхши муносабатда эканликлари, яхши кўз билан назар ташлашлари ҳақида гапиришганди. «Чунки биз биламизки, Ўзбекистон Афғонистонда жуда катта иқтисодий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу лойиҳалар афғон ҳукуматига, ёки қайсидир кучлар учун эмас, айнан афғон халқи учун хизмат қилмоқда. Халқимиз тинчлиги учун замин яратмоқда. Яъни биз Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича олиб бораётган сиёсатини тўлақонли қўллаб-қувватлаймиз. Аммо биз сизлардан бироз хафамиз, нега «Тошкент конференцияси»дек йирик тадбирга бизни таклиф қилмадинглар. Биз тадбир билан сизларни табриклаймиз ва уни диққат билан кузатиб бордик», дейишганди улар. Бу ҳам Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат диққат марказида турганидан далолат беради.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Дониёр Якубов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top