10:28 / 06.12.2019
1
6178

Ўзбекистон ЕТТБ томонидан молиялаштирилаётган 40га яқин давлат орасида 7-ўринга кўтарилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков расмий ташриф билан Буюк Британияда бўлиб турибди.

Сенат ахборот хизматига кўра, ташрифдан кўзланган асосий мақсад британиялик ҳамкорлар ва Лондон шаҳрида жойлашган халқаро ташкилотлар билан икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган янги босқичдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини, бу йилги сайловнинг аҳамиятини халқаро жамоатчилик вакилларига етказишдан иборат.

Делегация аъзолари ташриф доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти билан учрашдилар. Мулоқот чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, айниқса, иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, кичик бизнес субъектлари, хусусий тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни фаол қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имтиёз ва преференциялар, мустаҳкамланаётган ташкилий-ҳуқуқий асослар ҳақида ЕТТБ раҳбарига батафсил сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, Сума Чакрабарти меҳмонларни ўз штаб-квартирасида қутлар экан, мамлакатда кечаётган бугунги жараёнларни қизиқиш билан кузатиб бораётганини эътироф этиб, Ўзбекистон президентининг янги йўналишдаги сиёсати ва ислоҳотларини юқори баҳолади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ЕТТБ томонидан молиялаштирилаётган 40га яқин давлат орасида 7-ўринга кўтарилди. Президент топшириғи билан яқинда ЕТТБнинг Андижонда ваколатхонаси очилгани, яқин келажакда Урганч ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам шундай ваколатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилаётгани минтақаларнинг ҳам жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

ЕТТБ раҳбари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

2017 йилнинг ноябрь ойида ЕТТБ ваколатхонаси Тошкентдаги фаолиятини тиклаганидан сўнг ўзаро муносабатларнинг мутлақо янги даври бошланди. 2018 йилда банк томонидан мамлакатга қарийб 400 млн. евро миқдорида маблағ ажратилди. Бугунги кунга келиб эса ЕТТБ томонидан Ўзбекистон иқтисодиёт секторларида 70 та лойиҳага 1,3 млрд доллар инвестиция киритилди. Булар мазкур банк ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида максимал даражадаги йиллик маблағдир.

Учрашув сўнгида томонлар ЕТТБ билан Ўзбекистон Республикасининг ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича фаолият кўламини янада кенгайтириш хусусида келишиб олдилар.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top