15:26 / 09.12.2019
1
68150

«Шунчаки кийимларимни йиғиштирдим ва кетдим» — Вақтида Ўзбекистонда тенгсиз бўлган Акопянц билан суҳбат

Kun.uz Ростовга сафари давомида ўзбек футболи мухлислари учун қадрдон бўлган яна бир собиқ футболчи билан суҳбат уюштирди.

Андрей Акопянц деганда кўпчилик миллий жамоа ва «Пахтакор» сафидаги юқори техникали, жуссаси кичик футболчини эслайди. 1999 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган Андрей Акопянц айни дамда Ростовда истиқомат қилади ва маҳаллий «Ростов» клубининг ёшлар жамоасида мураббий бўлиб ишлайди. Андрейни «Ростов» машғулот майдонидан топдик ва у билан суҳбат уюштирдик.

«Тонг саҳарлаб ёлғиз норматив топширардим»

Акопянц Ўзбекистондаги фаолиятини эслар экан сўнгги мавсумларида унчалик яхши хотиралар қолмаганини эслади. Унинг айтишича, ўшанда бир эмас, икки жамоада мураббий борасида омади келмай, фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлган:

«Мен доим машғулотларда ўзимни кўрсатар, тезлик борасида ҳеч бир ёш футболчидан қолишмаслигимни исботлардим, аммо мураббий мени негадир майдонга туширмасди. У вақтлар футболимизда шунчалик хунук ишлар бўлардики, улар ҳақида эслашни ҳам хоҳламайман. Биласизми, тонг саҳарлаб фақат мен учун нормативлар ўйлаб топишарди. Уларнинг жаҳлини чиқариб, барча тестларни аълога топширардим (кулади). Хуллас, мураббий мени майдонга туширмаслик учун қўлидан келганини қиларди. Албатта, бу мураббий кимлигини айтишим тўғри бўлмайди.

Менга шундай муносабатда бўлган мураббийлар кейинчалик ҳеч қандай натижага эришмай кўринмай кетганини билсам, шунчаки кулиб қўяман. Сенинг қўл остингда тажрибали футболчи бўлса ва у ёшларга жисмоний жиҳатдан имкониятни бой бермаса, унга ўйнаш учун имкон беришинг керак деб ўйлайман.

Бир куни биз 0:3 ҳисобида ютқазаётгандик. Мураббий ҳаммаси ҳал бўлди деб ўйлади ва мени майдонга туширди. Менимча, у менга ўйиндан кейин «Мана, имкон бердим, нима ҳам қилдинг», дейиш учун шундай қилган. Мен эса тушишим билан битта гол урдим ва битта голга ассистентлик қилдим. Сал қолганди биз ўйинни қутқариб қолишимизга».

«Шунчаки кийимларимни йиғиштирдим ва кетдим»

 

«Фаолиятим охирида менга бундай муносабатда бўлганларидан дилим оғриди ва кунларнинг бирида шунчаки кийимларимни йиғиштирдим ва кетдим. Озгина ҳурмат кўрсатишлари мумкин эди деб ўйлайман».

«Максим камгап йигит эди»

Акопянц миллий жамоадаги фаолияти ҳақида гапирар экан Максим Шацкихни ҳам эслади:

«Макс билан анчадан буён танишмиз. У Ўзбекистондан анча ёш вақти чиқиб кетган. «Динамо»дан аввал «Балтика»да ўйнарди. Кейин фақат миллий жамоада кўришадиган бўлдик. Максим ҳақида нима ўйлашларини билмадим, аммо у қандай футболчи эканини майдонда исботлаб бўлган деб ўйлайман».

«Ханс Верел билан ишлаш ёқимли эди»

Акопянц Ўзбекистонда ўзи билан ишлаган мураббийлар орасида яқинда оламдан ўтган «Пахтакор»нинг собиқ нидерландиялик мураббийи Ханс Верелни энг яхши деб атади:

«Ханс Верел билан ишлаш ёқимли эди. У ёшларга имкон берар ва мен унинг даврида қанчалик ўсганимни эслайман. У билан Нидерландияда йиғинларга борганмиз, машғулотлар ҳам қизиқарли бўларди. Мен мураббий футболчиларга нимадир янгилик бера олиши керак деб ўйлайман».

«Сув бўйидаги база турибдими?»

Акопянц Ўзбекистондаги фаолияти яхши якунланмаган бўлса-да, у ерда яхши хотиралари қолгани ҳақида гапирди:

«Тошкент, Ўзбекистондан миннатдорман. Айнан ўзим туғилган Ўзбекистон менга ҳаёт йўлини очди. У ердаги фаолиятим сабаб Россияга келдим. Ўзбекистондаги ҳар бир йилимни эслайман. Масалан, Самарқанддаги сув бўйида жойлашган «Динамо» клуби баъзаси ностальгия каби ёдимда. У ер ҳалиям турибдими? Дарвоқе, Самарқандга «Нефтчи» билан борганимда, мухлислар мени жуда яхши кутиб олишганди. Улар олдида майдонга тушишни жуда хоҳлагандим, аммо мураббий менга имкон бермаган».

«Элдор «Оренбург»га ўтиш ҳақида ўйлаганди»

Акопянцнинг айтишича, Элдор Шомуродов «Ростов»даги ўйинлари ўхшамаган вақтда жамоадан кетиш ҳақида ҳам ўйлаган. Андрей Элдорнинг тарбияли йигит эканини алоҳида мақтади:

«Элдор билан тез-тез кўришиб турамиз. У жуда тарбияли йигит. Доим бундай одамларнинг омади келади. Элдорга бошида осон бўлгани йўқ. У бир куни «Оренбург»дан таклиф бўлаётгани ва бу ҳақда жиддий ўйлаётганини гапириб қолди.

Шунда мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб гол уришим шарт деган фикрни хаёлингдан чиқариб ташла, деб айтдим. Элдор бу қийин вазиятдан чиқиб кетганидан хурсандман. Буни қарангки, у мавсумдаги биринчи голини айнан «Оренбург» дарвозасига урди».

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳаммаджон Ғаниев

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top