17:40 / 12.12.2019
1
37695

Давлат бюджетида нималар ўзгармоқда? Молия вазирлиги вакили билан суҳбат

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти 2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу Ўзбекистон тарихида илк марта: яъни, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган ҳолда илғор стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланди.

Шу қонун ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Молия вазирлиги бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Муҳамедов билан суҳбатлашдик.

Шерзод Дилмуродович, айтингчи, 2020 йилда бюджет жараёни иштирокчилари ўртасида бюджет ваколатлари қандай тақсимланади?

Саволингиз учун раҳмат. Тўғри, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети мамлакатимизда илк бор қонун сифатида тасдиқланди. Яъни ушбу қонуннинг тасдиқланиши тўғрисида давлат бюджети иштирокчиларининг ваколатларига сезиларли даражада ўзгартиришлар киритилган. Яъни, ушбу қонунда кўришингиз мумкинки, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджетининг назорати, давлат бюджетини тузиш, давлат бюджети маблағларини тақсимлаш, тасдиқлаш Олий Мажлис палаталари ваколатларига ўтмоқда. Шу билан бирга, эндиликда давлат бюджети харажатлари соҳалар кесимида эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган. Шу жумладан, кўришингиз мумкинки, ушбу қонуннинг 5-иловасига мувофиқ, республика бюджети харажатлари 56та вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган бўлиб, бунинг ичида ҳам ушбу вазирликнинг жорий харажатлари (жорий харажатлар деганда биз вазирликнинг иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлари, коммунал тўловлари, сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳамда ушбу вазирлик қошидаги ташкилотларнинг капитал қурилиш харажатлари, яъни инвестиция харажатлари)ни ҳам алоҳида кўришингиз мумкин бўлади.

Бюджетнинг қонун шаклида тасдиқланишига нима сабаб бўлди? Шу ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

— Тўғри. Хабарингиз бор, авваллари бизларда давлат бюджети президент қарори кўринишида тасдиқланар эди. Жорий йилдан бошлаб илк марта қонун сифатида тасдиқланмоқда. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 22 августдаги ПҚ-3917-сонли қарорида 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун сифатида тасдиқланиши белгилаб қўйилган. Мисол учун, барча ривожланган давлатларда давлат бюджети қонун сифатида тасдиқланиши ўрганилди. Ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро молия институтлари, шу жумладан, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан бирга ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тўлиқ халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши халқаро экспертлар томонидан ҳам таъкидланди.

Давлат бюджети қонун сифатида тасдиқланиши қандай афзалликларга эга?

Давлат бюджетининг қонуни сифатида тасдиқланиши биринчи навбатда давлат бюджети ижросида парламент ваколатларини, яъни вазирлик ва идораларнинг ҳисобдорлигини, давлат бюджети ижросида эндиликда уларнинг парламент олдидаги, яъни Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорликларини бирмунча оширади. Давлат бюджети маблағлари бу халқнинг маблағларидир. Парламент вакиллари, депутатларимиз эса бу бевосита халқнинг вакиллари сифатида эндиликда ушбу маблағларни тақсимлаш ва келгусида ушбу вазирлик ва идоралардан эндиликда ушбу маблағлар ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қабул қилиш, яъни сўраб олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Шерзод Муҳамедов

Қонунда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи, иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи каби тушунчалар бор. Улар ҳақида маълумот берсангиз. Ана шу иштирокчиларнинг бюджетни амалга оширишдаги фаолияти қандай кечади?

— Ушбу қонун билан бюджет тизимимизга биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар ва ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар каби тушунчалар киритилмоқда. Бу қандай тушунчалар? Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар бу – ушбу қонуннинг 5-моддасига мувофиқ тасдиқланган вазирлик ва идоралардир. Ҳар бир вазирлик ва идора эндиликда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар бўлиб ҳисобланади. Иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар бу – биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бириктирилган, уларнинг ҳузурларидаги ташкилотлардир. Яъни, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ташкилотлар. Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ташкилотларни биз иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар сифатида кўришимиз мумкин. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар эса бу бевосита ҳудудлардан, яъни маҳаллий бюджетлардан маблағ олувчи бошқармалар, ташкилотлар ҳисобланади. Мисол учун, Тошкент шаҳридан маблағ олувчи Халқ таълими бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ёки Мактабгача таълим бошқармалари – булар ҳудудий бюджет маблағларини олувчи ташкилотлардир.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмлари белгиланди. Чекланган ҳажмларни белгилаш учун қандай зарурият туғилди?

Тўғри, бугунги кунда барча фуқароларимизни қизиқтираётган ва кўплаб саволлар келтириб чиқараётган муаммо бу мамлакат ташқи қарзи сезиларли даражада ўсиб боришидир. Мисол қилиб кўрадиган бўлсак, 2017 йилга нисбатан 2019 йил якунига кўра ташқи қарзимиз миқдори деярли икки бараварга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу сезиларли даражада тез ўсиши ва келгусида ташқи қарзни самарали ва ўз навбатида мақсадли ишлатилиши учун эндиликда ташқи қарз миқдорига бирмунча чекловлар ҳам ўрнатилди. 2020 йилда ҳукумат томонидан ва ҳукумат кафолати остида имзоланадиган шартномалар миқдори 4 млрд АҚШ долларида ва ҳукумат дастурлари учун келгусида республика бюджетидан қайтарилиши режалаштирилган маблағларнинг ишлатилиши, яъни ўзлаштирилиши эса 1,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Бу ўз навбатида ташқи қарз маблағларини бирмунча чеклашга ва самарали ишлатилишига сабаб бўлади деб ўйлаймиз.

Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муҳокамалари давомида сенаторлар ташқи қарз ҳажмининг миллий валюта сўмда эмас, АҚШ долларида белгиланганига эътироз билдиришганди. Қонуннинг имзоланган вариантида бу сақланиб қолган. Мутахассис сифатида сиз буни қандай изоҳлайсиз?

Барча давлатларда давлат, яъни ташқи қарзи АҚШ долларида юритилади ва бу бизнингча табиий ҳолат. Агар ташқи қарз миқдорини келгусида сўмда белгилайдиган бўлсак, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси ўзгариши ташқи қарзнинг келгусидаги прогноз кўрсаткичлари бажарилмаслигига, яъни инвестиция маблағлари ёки хориждан жалб қилинадиган маблағларнинг режалаштирилган кўрсаткичларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун, ташқи қарз миқдорлари ва уларга чегаралар АҚШ долларида белгиланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top