02:45 / 12.12.2019
0
4247

Италиялик фазогир БМТнинг иқлим анжуманида коинот станциясидан туриб иштирок этди

Фото: POOL

Ҳозирда Халқаро коинот станциясида қолаётган италиялик фазогир Лука Сальво Пармитано Мадридда ўтаётган БМТнинг иқлим бўйича анжумани COP25’да станциядан туриб иштирок этди.

Сальво БМТ бош котиби Антонио Гутерреш ва Испания фан вазири, икки марта коинотда бўлган фазогир Педро Дуке билан суҳбат олиб борган.

Италиялик фазогирнинг айтишича, одамларни бирлаштиришнинг усулларидан бири – “умумий душманни топишдир”. “Бизнинг оламни барбод қилаётган биринчи рақамли душман – иқлим ўзгаришлари, ҳароратнинг ошишидир. Бу умумий душмандир ва биз унга қарши бирлашмоғимиз лозим”, деб айтган фазогир.

У турли давлатларнинг коинотда муваффақитятли ҳамкорлик қилаётганини “турли оламлар бирлашувига” мисол қилиб келтирган.

Фазогирнинг таъкидлашича, у коинот станциясидан сайёрамизда юз бераётган иқлим ўзгаришлари, сентябрда АҚШга ёпирилган Дориан довули, тошқинлар оқибатларини ва вулқонлар фаоллашуви олиб келган вайронгарчиликларни кўрган.

“Сайёрамизни коинотдан кўрганингда ўзингни қандай ҳис қилишингни сўз билан таърифлаш қийин. Сайёрамиз гўзал. Коинотдан бошқа бирорта нуқтадан кўриб бўлмайдиган деталларни кўриш мумкин, бироқ бу ердан сайёрамизнинг қанчалик нимжонлиги ҳам кўринади. Сайёрамиз ягона. Бизда бошқа сайёра йўқ”, деб айтган фазогир. 

Унинг таъкидлашича, фарзандлар, набиралар келажаги, эртага ғалаба қилиш учун бугун нимадандир воз кечиш керак. “Софроқ транспорт, софроқ энергия, софроқ ҳаво – буларнинг барчасига технологиялар туфайли эриша оламиз”, деб қўшимча қилган Сальво. 

Италиялик фазогир коинотга илк парвозини 2013 йилда амалга оширган ва очиқ коинотга чиққан биринчи италиялик бўлган. 2019 йил июлда у яна ХКСга парвоз қилиб, ҳозир у ерда қолмоқда.

13 декабргача давом этадиган Мадриддаги иқлим бўйича анжуманда 200 дан кўпроқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top