13:55 / 23.12.2019
0
12598

«Овозларни санаш жараёни қандай ўтди?» - Хоразмдаги сайлов участкасидан фоторепортаж

22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди.

Кўпчилик юртдошларимиз ўз фуқаролик бурчини адо қилиб, сайловларда иштирок этиб, партиялар томонидан кўрсатилган номзодларга овоз беришди. Жараён ОАВ орқали кенг миқёсда ёритилди.

Сайловдан кейинги овозларни санаб чиқиш босқичи омма эътиборига ҳавола қилинмаган. Аммо бу йилги сайловда Kun.Uz мазкур жараёнда иштирок этишга муваффақ бўлди. Натижада, одатда парда ортида қоладиган воқеаларни ўқувчилар билан ўртоқлашиш имконияти туғилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, овозларни санаш босқичида ҳар бир партиядан кузатувчилар, халқаро кузатувчилар, матбуот ходимлари иштирок этиши мумкин. Аммо улар жараёнга аралашмайди.

Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги 117-округ, 28-сайлов участкаси. Соат 20:00, сайловда овоз бериш жараёни якунланди. Комиссия раиси бу ҳақда эълон қилди.

Сайлов участкасининг эшиги ёпилди. Энди сайловчиларнинг ичкарига кириши мумкин эмас. Овозларни санаш жараёнида фақат сайлов комиссияси аъзолари қатнашади, партия вакиллари, матбуот ходимлари кузатиб туради.

Комиссия раиси сайлов бюллетенлари солинган қутилардаги тамғаларнинг бутлигини ва рақамларининг баённомага мос келишини текширди.

Сайловда иштирок этган ва бюллетень олган сайловчилар сони санаб чиқилди. Уларнинг миқдори баённомада кўрсатилди. 

Муҳим! Сайловчиларга берилмаган, яъни сайловда фойдаланилмаган бюллетенларнинг юқори чап қисми қирқиб ташланди – улар яроқсиз ҳолатга келтирилди.

Сайловда фойдаланилмаган, яроқсиз ҳолатга келтирилган бюллетенлар қопларга солиб, тамғаланди.

Сайлов қутилари очилди, барча бюллетенлар столга тўкилди. Қайд қилиш жоизки, жомадон кўринишидаги кўчма қути ҳам мавжуд бўлиб, у сайловда иштирок этишга қийналадиган, кекса ёки бемор сайловчилар учун мўлжалланган. Комиссия аъзолари бундай сайловчиларнинг уйига бориб, овоз беришлари учун имконият яратишди.

Дастлаб, комиссия аъзолари сайлов бюллетенларини турларга ажратдилар: Олий Мажлис қонунчилик палатаси, вилоят ва шаҳар/туман кенгашлари учун берилган овозлар алоҳида тахланди.

Сўнгра ҳар бир номзод учун берилган овозлар санаб чиқилди. Шунингдек, қоидага мувофиқ тўлдирилмаган, яъни бузиб қўйилган бюллетенлар алоҳида ажратиб олинди.

Жараённи халқаро кузатувчилар, матбуот ходимлари, партиялар вакиллари кузатиб туришди. Ишончли бўлиши учун овозлар такроран санаб чиқилди.

Барча овозлар санаб чиқилгандан сўнг, баённома тўлдирилди. Унда участкадаги сайловчиларнинг умумий сони, участка сайлов комиссияси олган бюллетенлар сони, сайловчилар олган бюллетенлар сони, муддатидан олдин овоз берган сайловчилар, сайлов қутиларидаги бюллетенлар, фойдаланилмаган, бузиб қўйилган, бекор қилинган, шунингдек ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сони кўрсатилди.

Баённоманинг биринчи нусхаси округ сайлов комиссиясига юборилди. Иккинчи нусхаси халқаро кузатувчилар, матбуот ходимлари, партиялар вакилларига берилди.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top