Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи фуқаро Н.У. туман ИИБга ариза орқали мурожаат қилди, деб ёзмоқда Postda.uz.
У ўз аризасида жорий йил 21 декабрь куни соат 23:00дан 22 декабрь куни соат 05:40га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс эшик қулфини бузиш орқали унга тегишли савдо дўконига кириб, у ердан 35 миллион сўм пулни ўғирлаб кетганлигини билдиради.
Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида ходимлар томонидан воқеа жойи синчиклаб кўздан кечирилди. Бу ердан олинган қўл-бармоқ излари вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимидаги махсус база орқали текширилганида, ушбу бармоқ излари фуқаро Н.Б.га тегишли экани аниқланди. У ушбу жиноятни ҳақиқатан содир қилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.