00:01 / 10.01.2020
0
42308

Туркманистонда диктаторнинг ағдарилиши ҳақидаги фильм сабабли АҚШга қарши ташвиқот бошланди 

Фото: Netflix

Туркманистоннинг Лебоп вилояти маъмурияти АҚШга қарши ташвиқот ўтказишни бошлади.

“Хроника Туркменистана” нашрининг хабар беришича, ҳокимларнинг маданият масалалари бўйича ўринбосарлари, Миллий хавфсизлик вазирлиги ва прокуратура ходимлари юқори синфлар ўқувчилари ва бюджет ташкилотлари ходимлари билан мактабларда ва маданият уйларида мажлислар ўтказиб, уларда АҚШ Туркманистонни йўқ қилишга ҳаракат қилаётган душман давлат эканлиги уқтирилмоқда.

Бунга эса 2019 йил декабрда АҚШнинг Netflix стриминг хизматида чиқарилган “6 Underground” (“Қонундан ташқари олтилик”) фильми сабаб бўлган.

Ушбу фильм воқеаларига кўра, бир миллиардер Тургистон номли давлатда Ровач исмли диктаторни ҳокимиятдан ағдариш мақсадида жамоа йиғади. Тахмин қилинишича, диктатор прототипи сифатида Туркманистон президенти олинган. Фильмнинг баъзи лавҳаларида Туркманистоннинг давлат рамзлари ва туркман тилидаги ёзувлар қўлланган. Бундан ташқари, Ровач (Ривож) Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг севимли отларидан бири ҳисобланади.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу фильм туркманистонлик амалдорларни ростмана қўрқитиб юборган. Туркманобод (Собиқ Чоржўй) шаҳрида фильм сабабли барча видеопрокат дўконлари ёпилган.

Кейинроқ АҚШ элчихонасида ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берилган.

“Бу фильм хусусий кўнгилочар компания томонидан ишлаб чиқилган бадиий асар ҳисобланади. АҚШ ва АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси Туркманистон билан мустаҳкам ва сермаҳсул муносабатларга содиқдир. Бу Вашингтонда яқинда муваффақиятли ўтган ҳар йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар, С5+1 гуруҳи доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлатларимиз ўртасида ўсиб бораётган иқтисодий ва савдо муносабатлари, биз ўзаро ҳамкорлик қилаётган кўплаб таълим ва маданий дастурлар билан ўз тасдиғини топади”, деб таъкидлаб ўтилган АҚШ элчихонасида. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top