21:00 / 16.01.2020
1
7134

Жорий йилда 350 мингдан ортиқ янги доимий иш ўринларини яратиш прогноз қилинмоқда

Фото: Сурхондарё вилоят ИИБ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тайёрланган 2020 йилги Бюджетномада 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг мақсадлари ва устувор йўналишлари санаб ўтилган.

Унга кўра, 2020 йилда инфляция даражасини 12,5-13 фоизгача пасайтириш мўлжалланмоқда.

2022 йилгача босқичма-босқич инфляция даражасини битта рақамли даражагача пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бу эса ўз навбатида, монетар ва фискал сиёсатни қатъийлаштиришни тақозо этади.

Хусусан, фоиз ставкаларини либераллаштириш, кредитлар ҳажми талабдан келиб чиққан ҳолда кескин ўсишининг олдини олиш, умумий фискал тақчиллигини 2022 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,5 фоизгача пасайтириш лозим бўлади.

2020-2022 йилларда иқтисодий ўсишнинг прогноз кўрсаткичларини ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда, пул-кредит сиёсати ва банк соҳасини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари бўлиб қуйидагилар белгиланди:

  • инфляцияни таргетлаш, миллий валюта ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган пул-кредит бошқарувини тартибга солиш воситаларининг самарадорлигини таъминлаш;
  • хусусий банкларни янада ривожлантириш, шунингдек банкларнинг самарали инвестицион лойиҳаларини бозор тамойиллари асосида молиялаштиришга йўналтириш орқали банк секторида рақобат муҳитини яратиш.

Саноат соҳасида 2020-2022 йилларда иқтисодий ўсишнинг прогноз суръатларига эришишда асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Барча эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини керакли муҳандислик-алоқа тизимлари билан таъминлашни 2022 йилгача якунлаш;
  • Эркин иқтисодий ҳудудларда 406та инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш;
  • 2020-2021 йилларда кичик саноат ҳудудларида машинасозлик, электротехника, кимё, қурилиш саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларда замонавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 806та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш.

Энергетика соҳасида қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилади:

  • энергетика бозорини босқичма-босқич либераллаштириш, энергетикада хусусий сектор ва рақобатни ривожлантириш, истеъмол қилинган электроэнергияни ҳисоблашнинг замонавий механизмларини жорий этиш ва тариф тизимини оптималлаштириш;
  • энергияни ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашнинг илғор технологияларини, юқори тежамкор ускуналарни жорий этиш орқали ИЭСлардаги ёқилғи харажатларини камайтириш (Сирдарё ИЭС ишлаб чиқариш қувватини 150 МВтга ошириш, Тахиатош ИЭСда ҳар бирининг қуввати 230-280 МВт бўлган 2та БГУни қуриш мўлжалланган);
  • модернизациялаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, энергетика тизимига қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш (2022 йил бошигача қуввати 20 МВт.дан ортиқ бўлган 2та ГЭС, 12та кичик ва 10та мини ГЭСларни ишга тушириш ҳамда 9та фаолият олиб бораётган мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш кўзда тутилган);
  • Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида жойлаштириладиган, ҳар бири 100 МВт қувватга эга бўлган 10та қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ҳисобига қуёш энергияси имкониятларидан фойдаланиш.

2020-2022 йилларда нефть ва газ соҳаларида:

  • мавжуд маҳсулотларни тақсимлаш битимлари ва шартномаларидаги шартларни кўриб чиққан ҳолда, халқаро нефть-газ компаниялари билан ҳамкорлик қилиш;
  • нуфузли халқаро нефть хизматлари компаниялари билан ҳамкорликда нефть хизматлари бозорини яратиш («МТG технологияси бўйича метанолни бензинга қайта ишлашни ташкил этиш», «Шўртан ДКМ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш», «Шўртан ДКМ тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш);
  • хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликни кенгайтириш асосида амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини бошқариш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

2020-2022 йилларда аграр секторни ривожлантиришнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  • пахта ва бошоқли экинлар экилиши камайиши ҳисобига картошка, сабзавот, ем-хашак ва мойли экинлар, шунингдек, янги интенсив боғлар ва узумзорлар миқдорини ошириш;
  • қурғоқчиликка чидамли экинлар навларини жорий этиш ҳисобидан озуқа экинлари майдонини кенгайтириш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш;
  • мелиоратив ва ирригация иншоотлари тармоғини ривожлантириш ҳисобига суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;
  • ўсимликлар ва ҳайвонларнинг янги наслчилик навларини ва замонавий тежамкор қишлоқ хўжалиги технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • мева ва сабзавотларни сақлаш, ташиш ва сотиш инфратузилмасини кенгайтириш;
  • сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, насос ва қувват ускуналарини босқичма-босқич модернизация қилиш ва ирригация иншоотларини реконструкция қилиш.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 2020 йилда картошка етиштириш 3,4 фоизга, сабзавот 3,3 фоизга, полиз экинлари 3,1 фоизга, мевалар 3,6 фоизга, узум 4,7 фоизга, чорвачилик ва паррандалар 3,5 фоизга, сут 4,6 фоизга, тухум 9,6 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

2020-2022 йилларда хизматлар соҳасининг ўсиш суръатларини 5,7-6,2 фоизга қуйидагилар ҳисобига ошириш прогноз қилинмоқда:

  • хизмат кўрсатиш корхоналарининг савдо, маданий ва оммавий объектлар ва йирик транспорт магистраллари яқинида жойлашиши; инсон салоҳиятини ривожлантириш учун тенг имкониятларни таъминлайдиган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
  • соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали алоқа ва телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш;
  • йўл қурилиши, пулли йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, транспорт ва логистика марказларини ривожлантириш соҳасидаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш;
  • республиканинг туристик инфратузилмасини ривожлантириш;
  • кенг турдаги савдо хизматларини тақдим этиш билан замонавий савдо тизимларини кенгайтириш йўли орқали савдо соҳасида рақобат муҳити ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа прогноз кўрсаткичларига эришиш учун 180-190 трлн. сўм ҳажмдаги асосий капиталга инвестициялар йўналтирилиши талаб этилади.

Шунингдек, 2020 йилда 360-380 мингта янги доимий иш ўринларини яратиш прогноз қилинмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top