15:45 / 20.01.2020
0
57581

Юрий Чайка Россия бош прокурорлигидан кетди. Путин унинг ўрнига номзод кўрсатди

Россия бош прокурори Юрий Чайка бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳозирча унинг янги лавозими ҳақида маълумот берилмаган.

«Открытые медиа»нинг Бош прокуратурага яқин берган манбаси берган хабарга кўра, Юрий Чайканинг истеъфоси у май ойида 69 ёшга тўлиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Қонунчиликка кўра, Россияда 70 ёшга тўлмаган шахсларгина бош прокурор бўлиши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин федерация кенгашига Тергов қўмитаси раиси ўринбосари Игор Красновнинг номзодини бош прокурор лавозимига илгари сурди.

Игорь Краснов

РИА Новости манбаси хабарига кўра, Федерация кенгаши президент таклифини 22 январь куни кўриб чиқади. 

  • Айни вақтда 43 ёшда бўлган генерал-лейтенант Игорь Краснов адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурованинг қотиллиги (2009 йил январи) бўйича ишларни текширганди. У шунингдек, мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлдирилиши (2015 йил январи) ва Анатолий Чубайсга суиқасд (2005 йил) билан боғлиқ ишни текширган. У 1997 йилдан прокуратура тизимида фаолият бошлаган, 2007 йилда Тергов қўмитасига муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимида ўтган, 2016 йилда Тергов қўмитаси раҳбари ўринбосари бўлганди.
  • Юрий Чайка Россия бош прокуратурасига 2006 йил июнидан буён бошчилик қилиб келаётганди. Ундан олдин у 7 йил давомида РФ адлия вазири бўлиб ишлаган. Чайка ва унинг фарзандлари Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди текширувлари қаҳрамонига айланишганди.
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top