13:05 / 21.01.2020
0
4542

2019 йил 189,9 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди - Давстатқўм

Фото: KUN.UZ

2019 йил январь-декабрь ойларида 189,9 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, уларнинг 70,7 фоизи ёки 134,3 трлн сўм жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 29,3 фоиз ёки 55,5 трлн сўм молиялаштирилди.

Давстатқўм хабарига кўра, Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида асосий капиталга инвестициялар ҳажми кескин ошиб, ўтган йилга нисбатан 33,9 фоизни ташкил этди. 

Инвестицияларни молиялаштириш манбалари бўйича, 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан молиялаштирилган асосий капиталга инвестицияларнинг улуши ўтган йилнинг мос давридаги улушига нисбатан 3,1 фоиз пунктга камайиб, 26,6 фоизни ёки 50,6 трлн сўмни ташкил этди. 

Мос равишда марказлашмаган молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестицияларнинг улуши 3,1 фоиз пунктга кўпайиб, 73,4 фоизни ёки 139,2 трлн сўмни ташкил этди. 

Корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган асосий капиталга инвестициялар улуши салмоқли бўлди – 39,2 трлн сўм ёки жами асосий капиталга инвестицияларнинг 20,7 фоиз. Аҳоли маблағлари ҳисобидан жами асосий капиталга инвестицияларнинг 8,6 фоизи ёки 16,3 трлн сўм ўзлаштирилди. 

2019 йил январь-декабрь ойларида ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми жадал ўсиб, 37,1 трлн сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос давридаги жами асосий капиталдаги улушига нисбатан 12,2 фоиз пунктига кўпайиб, 19,6 фоизни ташкил этди. 

Шунингдек, тижорат банклар кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан 24,8 трлн сўм (жами асосий капиталга инвестицияларнинг 13,1 фоизини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 4,7 фоиз пунктга камайди), Ўзбекистон кафолати остидаги хорижий кредитлар 27,8 трлн сўм (14,7 фоиз ва 0,9 фоиз пунктига кўпайиш), кафолатланмаган ва бошқа хорижий инвестиция ва кредитлар 21,6 трлн сўм (11,4 фоиз ва 8,3 фоиз пунктга кўпайиш), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 6,5 (3,4 фоиз ва 3,0 фоиз пунктга камайиш), республика бюджети 14,5 трлн сўм (7,6 фоиз ва 1,1 фоиз пунктига камайиш), Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси 1,7 трлн сўм (0,9 фоиз ва 0,3 фоиз пунктга кўпайиш) ва Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан эса 31,3 млрд. сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди. 

Асосий капиталга инвестициялар ўсиш суръатларини молиялаштириш манбалари бўйича энг юқори кўрсаткич кафолатланмаган ҳамда бошқа хорижий инвестиция ва кредитларда кузатилди – ўтган йилга нисбатан 4,1 марта ўсиш. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилган инвестицияларда ҳам юқори ўсиш суръатлари – 3,6 мартага ўсиш кузатилиб, бу маҳсулот тақсимоти келишуви шартлари асосида газ-кимё мажмуаси қурилиши билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конларида қидирув ишларини якунлаш ва ишлар олиб бориш, Ўзбекистон инвестиция блокларида (Култак-Қамаши, Муборак, Сурхон, Ашибулоқ ва Коскуд, ғарбий Фарғона инвестиция блоклари) нефть-газ конларига ишлов бериш ва геологик қидирув ишларини амалга ошириш, ҳудудларда цемент ишлаб чиқаришини ташкил этиш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби йирик инвестиция лойиҳаларининг жадал олиб борилаётгани билан боғлиқ. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top