10:45 / 24.01.2020
3
13571

Шавкат Мирзиёев: «Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун ягона ва энг тўғри йўлдир»

Tashkent City’даги Халқаро конгресс марказида президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда.

Тадбир МТРКнинг тўртта телерадиоканали, бешта телеканали ҳамда 12та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, бешта нодавлат телеканал ҳамда Президент матбуот хизматининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, президент ўз нутқини сайловлар ва демократик ислоҳотларга оид фикрлар билан бошлади.

«Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўлдир. Жамият – ислоҳотлар ташаббускори деган янги ғоя, кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш муҳимлигини қайд этди.

«Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, унда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим», – деди давлат раҳбари.

Қайд керакки, Ўзбекистонда бунгача бош ислоҳотчи — давлат бўлиб келган ва бу сиёсат даражасига кўтарилган, барчаси «юқори»дан белгиланар эди. Энди эса ислоҳот жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади. Халқни қийнаётган муаммолар эса ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа «барометрлар» орқали аниқланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top