12:15 / 31.01.2020
0
8033

Коронавирус: АҚШ ўз фуқароларидан Хитойга бормасликни талаб қилди. Италия ва Исроил Хитой билан авиаалоқани тўхтатди

АҚШ давлат департаменти янги турдаги коронавирус тарқалиши сабабли Хитойни ташриф буюриш қатъиян тавсия қилинмайдиган давлатлар “қизил” рўйхатига киритди.  

Фото: Aly Song/Reuters

“Хитойга янги коронавирус сабабли борманг”, дейилган давлат департаменти баёнотида. 

Хитойда қолаётган америкаликларга у ерни тарк этиш тавсия қилинган.

Аввалроқ давлат департаменти коронавирус сабабли Пекиндаги элчихонаси ва Хитойдаги консулхоналари ходимларини қисман эвакуация қилишга рухсат берган.

Италия ўз ҳудудида коронавирусдан касалланиш билан боғлиқ 2 та ҳолат тасдиқлангач, Хитой билан авиаалоқани тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда Италия бош вазири Жузеппе Конте маълум қилди. 

Контенинг таъкидлашича, Римда 2 нафар хитойлик сайёҳда коронавирус аниқланган.

Бундан ташқари, Исроил ҳам Хитойдан келувчи авиарейсларни қабул қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Times of Israel нашри хабар берди. 

“Биз Хитойдан келувчи бирорта рейсга давлатимизда қўнишга рухсат бермаймиз”, деб айтган Исроил соғлиқни сақлаш вазири Яаков Лицман.

Унинг таъкидлашича, Хитойда бўлган исроилликлар ватанларига қайтгач 2 ҳафталик карантинга қўйилади.

Коронавирус тарқалиши сабабли турли давлатлар авиакомпаниялари Хитойга парвозларни камайтирмоқда ёки тўхтатмоқда.

Жумладан, аввалроқ Жанубий Кореянинг Air Seoul, Asiana Airlines, Jeju Air ва Jin Air, Индонезиянинг Lion Air, Финляндиянинг Finnair, Макаонинг Air Macau, Сингапурнинг Cathay Pacific Airways ва Jetstar Airways, Канаданинг Air Canada, АҚШнинг American Airlines, Delta ва United, Германиянинг Lufthansa, Франциянинг Air France, Британиянинг British Airways авиакомпаниялари парвозларни тўхтатганди.  

Бу авиакомпаниялар қаторига Туркиянинг энг йирик авиакомпанияси Turkish Airlines ҳам қўшилди. Авиакомпания баёнотида таъкидланишича, Пекин, Гуаньчжоу, Шанхай ва Сиань шаҳарларига 9 февралгача авиарейслар бекор қилинади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top