12:30 / 19.02.2020
5
55253

Тошкентда халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари қўлга олинди

Тошкент шаҳри ҳудудида халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари аниқланиб, қўлга олинди

Иллюстратив фото

2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Ш.нинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб қўшилишни режалаштириб келганлар.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-2-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахс қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

“Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтлардаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз”, - дейилади хабарда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top