21:49 / 25.02.2020
0
17634

Қайси вилоят атмосферага энг кам чиқинди чиқариши маълум бўлди

2018 йилги маълумотларга қараганда, атмосферага энг кўп Тошкент (336,6 минг тонна), Қашқадарё (152,2 минг тонна) ва Бухоро вилоятлари (74,8 минг тонна) чиқинди чиқарган.

Фото: KUN.UZ

Энг ками эса Сурхондарё вилояти (5,1минг тонна) ҳиссасига тўғри келади.

Бу ҳақда 25 февраль куни Давлат экология қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Юсуфжон Шадиметовнинг айтишича, ҳозирда чанг, углерод оксиди, азот диоксиди, олтингугурт ва азот оксиди каби моддалар ҳавони энг кўп ифлослантирмоқда.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Атмосфера мунтазам равишда, кунига 3 маротаба – соат 07:00, 13:00, 19:00да кузатиб борилади. Ҳавонинг ифлосланишини мониторинг қилиш 25 шаҳарда 63та стационар станцияларда аниқланади», деди Шадиметов.

Транспорт вазирлиги вакили Шербек Эрбековнинг сўзларига кўра, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига атмосферани ифлослантирувчи моддаларни 10 фоизга камайтириш, жамоат транспортининг 80 фоизини газ билан тўлдирилган ёқилғи ва электромобилларга ўтказиш тизими киритилган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон корхоналаридаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилган, бугунги кунда жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган.

Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов ижтимоий тармоқлардаги фикр мулоҳазалар мониторинг қилингани, фойдаланувчилар йирик саноат корхоналари фаолиятига нисбатан жуда кўплаб салбий фикрлар билдиргани ҳақида гапирди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Хусусан, Ахтачи цемент заводи (Андижон), Оҳангарон ва Бекобод цемент заводлари, Максам-Чирчиқ, Олмалиқ тоғ кон металлургия комбинати (Тошкент вилояти), Сирғали туманидаги труба ва бошқа корхона ва заводлар кўплаб танқидларга учрамоқда», – деди Ибратжон Каримов.

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналарга нисбатан кўрилаётган иқтисодий чоралар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, 2017 йилда жарималар ва компенсацион тўловлар 723,2 млн. сўмни ташкил қилган, 2018 йил – 975,476 млн. сўм ва 2019 йилнинг 1-чорагида – 1 млрд 72,83 млн. сўмни ташкил этган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top