17:03 / 10.03.2020
0
9925

«Қора душанба»: дунёнинг энг бой кишилари ўнталигидаги миллиардерлар бир кунда 38 млрд доллар йўқотди

«Қора душанба»нинг юқори ўнталигида биринчи ўриндан Dior ва Louis Vuitton эгаси Бернар Арно жой олди — унинг бойлиги 6 млрд долларга камайди.

Жефф Безос / Фото: Getty Images

Жаҳондаги энг бадавлат ўн миллиардернинг бойлиги душанба куни 37,7 млрд долларга камайди, деб ёзади Forbes. 

«Қора душанба»нинг энг омадсиз кишиси Европанинг энг бадавлат инсони, Louis Vuitton ва Dior эгаси Бернар Арно бўлди. Унинг бойлиги 6 млрд долларга камайди ва 92,6 млрд долларни ташкил этди.

Жаҳоннинг энг бой кишиси, Amazon асосчиси ва раҳбари Жефф Безос бир кунда 5,6 млрд доллар йўқотди. Amazon акциялари нархи кечга бориб 5 фоизга тушиб кетди. Ўтган ҳафта давомида Безоснинг бойлиги яна 14,1 млрд долларга камайди.

Berkshire Hathaway акциялари нархи қулаши ортидан Уоррен Баффет 5,4 млрд доллар йўқотди. Мексикалик телемагнат Карлос Слим бир кун ичида 5 млрд долларидан «айрилган» бўлса, Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг 4,2 млрд долларлик йўқотиш билан юқори бешликни якунлади.

Улардан кейинги ўринда Inditex (Zara, Oysho, Massimo Dutti, Pull & Bear брендлари эгаси) холдинги асосчиси, испаниялик Амансио Ортега жойлашди. Унинг бойлиги бир кунда 4 млрд долларга камайди.

Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг капитали 3,8 млрд долларга, Google ҳаммуассиси Ларри Пейжники эса 3,3 млрд долларга озайди. Oracle акциялари уч фоизга арзонлашганидан сўнг Ларри Эллисон 1,8 млрд йўқотди.

Дунёнинг энг бой кишилари ўнталигида маблағ йўқотмаган ягона киши Майкл Блумберг бўлди. Унинг бойлиги асоси Bloomberg LP хусусий компанияси бўлиб, компания акциялари бозорда сотилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top