17:43 / 16.03.2020
11500

Турар-жой майдонидан келиб чиқиб доимий прописка қилинувчилар сонига чеклов белгиланиши мумкин

48 кв/м майдонга эга турар-жойга кўпи билан 3 киши доимий прописка қилинишига оид тартиб белгиланмоқда. Агар прописка қилинувчилар аравачада юрадиган ногирон бўлса, уларнинг сони бундан ҳам камроқ бўлади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ушбу қарор лойиҳасига “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси илова қилинган.

Низом лойиҳасининг 8-бандида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг ушбу ҳудудларда доимий пропискадан ўтишларида қонунчиликда белгиланган бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этилиши шарт бўлади.

Қонунчиликда белгиланган турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси:

- бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида;

- кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда бўлиши талаб этилади.

Лойиҳадаги уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Уй-жой кодексининг 42-моддасидан келиб чиқиб киритилган.

Top