22:27 / 19.03.2020
27378

«Путиннинг ошпази» АҚШ бош прокуроридан Барак Обамага қарши жиноий иш қўзғатишни талаб қилди

Россиялик тадбиркор, “Путиннинг ошпази” номи билан танилган Евгений Пригожин унга тегишли компанияни таъқиб қилганлик учун АҚШ бош прокурори Уильям Баррдан АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама, АҚШ адлия вазирлиги раҳбарлари, парламентчилари ва дипломатларига қарши жиноий ишлар қўзғатишни талаб қилди. 

Евгений Пригожин (чапда) / Фото: Reuters

Пригожиннинг фикрича, бу шахслар тил бириктириб, ўзининг ноқонуний ҳаракатлари, ҳужжатлар ва исботларни сохталаштириш йўли билан унга тегишли “Конкорд” компаниясини, унинг ўзини ва Россияни ёмонотлиқ қилиш мақсадида “Конкорд”га қарши жиноий иш қўзғатишга муваффақ бўлишган.  

16 март куни АҚШнинг Колумбия округи суди адлия вазирлиги таклифига кўра, судда махсус хизматлар манбалари ва уларнинг ишлаш усуллари ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишидан хавотирда “Конкорд менеджмент и консалтинг” компаниясига қарши айбловларни бекор қилган.   

Айблов аризасида “Конкорд” АҚШ сайловларга хорижий аралашувни қандай аниқлаши ва бартараф этиши ҳақидаги ахборотни қўлга киритиш учун суд тизимидан фойдаланишга ҳаракат қилгани айтилган. 

АҚШ адлия вазирлиги вакили “Конкорд” ўзини ҳимоя қилиш ўрнига суд жараёнини прокурорлардан АҚШга қарши ахборот кампаниясини ташкиллаштиришда қўллаш мумкин бўлган махфий ахборотни олиш учун фойдаланганини айтган.

Пригожин суднинг қарори унинг компаниясига қарши билдирилган барча айбловлар ёлғонлигини англатишини айтган. У компанияси номидан АҚШга қарши 50 млрд долларлик даъвони илгари суришга ваъда қилган. 

АҚШ адлия вазирлиги 2018 йил февралда 2016 йилги президент сайловларига аралашув бўйича учта компания – Интернет-тадқиқотлар агентлиги (“троллар фабрикаси” деб ҳам аталувчи), “Конкорд менеджмент и консалтинг” ҳамда у билан боғланган “Конкорд кейтеринг”га қарши айбловлар илгари сурган. Бундан ташқари, яна 13 россияликка нисбатан айблов билдирилган. АҚШнинг ўша вақтдаги махсус прокурори Роберт Мюллер уларни АҚШдаги сайловолди кампанияси вақтида жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш учун ижтимоий тармоқларда кампаниялар ташкиллаштиришда айблаган.

Top