18:56 / 22.03.2020
12837

Хориждан келган фуқароларни карантинда сақлаш харажатлари давлат бюджетидан қопланмоқда

Хориждан чартер рейслар билан олиб келинган Ўзбекистон фуқароларини карантинда сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети маблағларидан қопланмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Хориждан олиб келинган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинда сақланиш мобайнида бепул озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Уларнинг 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланиши, маданий ҳордиқ чиқаришлари ― ҳаммасини давлат ўз зиммасига олган.

Бундан ташқари, уларга кўрсатилаётган тиббий, маиший хизматлар ҳам давлат бюджети маблағлари асосида қилиняпти», – деди Алматов 22 март кунги брифингда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, унга 10 триллион сўм ажратилиши белгиланган. Шундан 1 триллион сўм маблағ – коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Фото: Молия вазирлиги

Ўзбекистоннинг бош давлат санитария врачи чартер рейслар билан олиб келинаётган фуқаролар карантинга жойлаштирилаётган бинолар ҳақида ҳам ахборот берди.

«Республикада 11та халқаро аэропорт бор. Аэропортларнинг йўловчи қабул қилиш қуввати, уларни 14 кун сақлаш имкониятига эга бўлган муассасаларга яқинлиги нуқтайи назаридан уларнинг яқинида карантин учун жой ажратилмоқда. Халқаро аэропортлар яқинидаги шундай биноларнинг барчаси ўрганиб чиқилган.

Ҳозиргача чартер рейслар орқали 6 минг нафардан ортиқ фуқаромиз чет элдан олиб келиниб, санатория, шифохона ва бошқа мослаштирилган бинолар ― дам олиш, соғломлаштириш оромгоҳларига жойлаштириб, карантинда сақланмоқда», деди Баҳром Алматов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top