15:58 / 24.03.2020
7945

Бош прокуратура ходимлари ўз иш ҳақларининг бир қисмини «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига ўтказиб берди

Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини фондга беғараз ўтказиб бердилар

Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мураккаб даврда халқ ва бутун жамият учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди, деб ёзмоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Мазкур фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағ йўналтирилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлар учун бюджетга тўланадиган солиқ ва ажратмалар миқдори кескин камайтирилди, баъзи йиғимларни ҳисоблаш ва тўлаш маълум муддатга тўхтатилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган бир қатор солиқлар бўйича пенялар ҳисоблаш тўхтатилиб, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайдиган бўлди.

2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ҳам тўхтатиб қўйилди.

Жисмоний шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи тўлаш муддати узайтирилди, уларнинг хайрия ташкилотларидан оладиган даромадлари солиқдан озод қилинди.

Коронавирус сабабли карантинга жойлаштирилган ота-оналар, шунингдек уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга нафақа тўлаш белгиланди. Бундай шахслар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди.

Инфекцияга қарши курашга жалб қилинган шахсларни ҳам ҳар томонлама рағбатлантиришнинг самарали чоралари белгиланди.  

COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беминнат маблағлар тушмоқда.

Мазкур акция доирасида Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини мазкур фондга беғараз ўтказиб бердилар.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top