23:10 / 26.03.2020
18028

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга 100 мингга яқин тиббиёт ходимлари сафарбар этилган

Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.

Уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда.

Маълум қилинишича, мамлакатнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11та тиббиёт муассасаси ва 97та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилган.

Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.

«Бу офатдан халқимизни асраш бўйича мамлакат миқёсида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди.

Одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилди.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилмоқда», деган президент.

Шунингдек, хориждаги фуқароларимизни қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб уларни Хитойдан эвакуация қилган бўлсак, ҳозирда барча давлатлардан олиб келинмоқда.

Хориждаги ҳамма дипломатик ваколатхоналаримизда штаблар ташкил этилган. Охирги 10 кун ичида 20та чартер рейслар амалга оширилди. Россия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия ва Германиядан тўрт мингга яқин фуқароларимиз олиб келинди, қўшни давлатлар билан чегараларимиздан 80 мингдан ортиқ ватандошларимиз ўтказилди ҳамда юртимизда ташкил этилган профилакторий, санаторий ва бошқа шифо масканларида карантинга олинди.

Бундан ташқари, дипломатик миссияларимиз Россия, Хитой, Сингапурдан экспресс-тестлар, тиббий анжомлар ва гуманитар юкларни олиб келиш бўйича амалий ишларни бажармоқда, илғор давлатларнинг етакчи ва тажрибали мутахассисларини жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилди.

Бундан аввалроқ президент Ўзбекистондаги коронавирус қайд этилган 65 кишидан 11 нафари тиббиёт ходимлари эканини маълум қилганди.

Президент бугун «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ:

коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган; зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси  юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм;

коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top