15:16 / 30.03.2020
12749

Фуқаролар қоидаларга риоя қилмагани учун ҳам қатъий чекловлар ўрнатилмоқда – ИИВ

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов махсус стикерлар бўйича юзага келаётган норозиликларга муносабат билдирди. Унинг таъкидича, бундай чекловларнинг ўрнатилишига фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлмоқда.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 30 март куни АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов шахсий автомобилда ҳаракатланишга чекловлар қўйилаётганига изоҳ берди.

«Ҳукумат карантин қоидалари бўйича чеклов эълон қилишда, айни вақтда юзага келган вазиятдан келиб чиқади.

Яъни фуқароларга кўчага чиқмаслик ҳақида жуда кўп маротаба огоҳлантириш берилишига қарамасдан, кўпчилик бунга риоя этмади. Шунинг учун ҳукумат қатъий чекловларни киритишга мажбур бўлди. Айрим тушунмаган фуқаролар ижтимоий тармоқларда салбий муносабат билдиришмоқда», – деди Ғиёсов.

ИИВ матбуот котибига кўра, автомобилларга рухсатнома олишда кўпчиликка рад жавоби берилмоқда. Шу муносабат билан у Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида автомобилда ҳаракатланишга имкон берувчи стикер кимларга берилишини эслатиб ўтди:

  • озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат транспорти ва ходимларининг шахсий транспорти;
  • санитария ва гигиена маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситалари;
  • Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.

«Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимлар ва ўзингизнинг асабингизни бузманг», – деди ИИВ расмийси.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top