18:43 / 01.04.2020
13477

Қирғизистонда аҳолиси карантинга риоя этмаган қишлоқ изоляцияга ўраб олинди

Қирғизистондаги Иссиқкўл қишлоғида истиқомат қилувчи 8 киши карантин қоидаларига риоя қилмагани учун қишлоқ тўлиқ изоляция қилиниб, ўраб олинган. Бу ҳақда COVID-19’га қарши курашиш бўйича республика штаби маълум қилган.

Гап Иссиқкўл области Тюп районидаги Иссиқкўл қишлоғи ҳақида бормоқда. Бу қишлоқда 8 киши хорижий сафардан келгач, мажбурий тарзда карантинга олинган эди.

«Фавқулодда вазият шароитида улар уй карантини шартларини бузганлиги сабабли коронавируснинг тарқалишининг олдини олиш учун область тезкор штаби томонидан бутун қишлоқ изоляцияга олинди», — деган штаб вакили.

Унинг сўзларига кўра, изоляция ҳақидаги қарордан сўнг қишлоқ аҳоли норозилик акцияси ўтказган. Бироқ милиция тартиб ўрнатишга муваффақ бўлган. «Айни пайтда вазият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назорати остида», — дея аниқлик киритган штаб вакили.

Қирғизистонда ҳозирча коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 111тага етган. Касаллик авж олиши муносабати билан республикада фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Бир қатор шаҳарлар, жумладан пойтахт Бишкекда фавқулодда вазият режими амалда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top