20:23 / 01.04.2020
5668

Қирғизистонда президент ёки парламент бошқарувини танлаш бўйича референдум ўтказиш таклиф этилди

Қирғизистонда 4 октябрда давлат бошқарувининг президент ёки парламент шаклини танлаш бўйича референдум ўтказиш таклиф этилди. 

Фото: Sputnik

Бу ҳақда Қирғизистон парламенти матбуот хизматида маълум қилинган.  

“1 апрелдан оммавий муҳокамага “Қирғизистон Республикаси давлат тузилишини белгилаш бўйича референдум тайинлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қўйилмоқда”, дейилган хабарда.

Қонун лойиҳасида овоз бериш бюллетенида саволнинг қуйидагича қўйилишини тасдиқлаш таклиф қилинган: “Сиз Қирғизистон Республикасида давлат бошқарувининг қайси шаклини қўллаб-қувватлайсиз?”. Ва бунга иккита жавоб варианти – “парламент” ва “президент” берилади. 

Ҳозирда Қирғизистонда бошқарувнинг парламент шакли амал қилади. У 2010 йилда апрель инқилобидан кейин ўтказилган референдумда тасдиқланган. Бошқарувнингбу шаклида президент ваколатлари жиддий чекланган, мамлакатнинг ички сиёсатини назорат қилишда 120 ўринлик парламент муҳим роль ўйнайди. 

Top