10:38 / 02.04.2020
85742

Андижонда ағдарилиб кетган Damas’ни ЙПХ ходими бошқариш ваколатига эга бўлмаганми?

Андижон вилояти Андижон туманида Damas автомашинаси ағдарилиб кетиши ҳодисасида ЙПХ ходими ҳам қонун талабини бузган бўлиши мумкин.

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳудудида ЙПХ ходими томонидан жарима майдонига олиб кетилаётган Damas русумли автомашина ағдарилиб кетгани тасвирланган видео тарқалди.

Kun.uz суриштирувида аниқланишича, ҳодиса 21 март куни содир бўлган. ЙПХ инспектори Р.Мўминов томонидан тўхтатилган Damas автомашинасини бошқариб келаётган фуқаро С.А.да ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилгач, ЙПХ ходими автомашинани жарима майдони томон миниб кетаётганида машинанинг олд ўриндиғида ўтирган қоидабузар ҳайдовчи унга қаршилик кўрсатиб рулга осилади ва автомашина ағдарилиб кетади.

Kun.uz таҳририяти масаланинг бошқа бир тарафига эътибор қаратишни лозим топди. Маълум бўлишича, ушбу ҳолатда ЙПХ инспектори ўзгага тегишли бўлган транспорт воситасини бошқариш ваколатига эга бўлмаган бўлиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Қонун ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 149-сонли қарорига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ваколатли давлат органлари (шу жумладан ЙПХ инспектори – муаллиф) томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлаб олинган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун танлаб олинган юридик шахслар ваколатли давлат органининг хабари (мурожаати) асосида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойига олиб келишни (ташишни) таъминлайдилар.

Мазкур қарорда ҳам, ушбу қарор билан тасдиқланган «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида»ги низомда ҳам ходимга транспорт воситасини жарима майдонига ўзи бошқариб келиш ҳуқуқи (ваколати) берилмаган.

Аксинча, Низомнинг 6-банига кўра ушлаш жойига келган транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг вакили транспорт воситасини тўхташ жойи (жарима майдончаси - муаллиф)га олиб келиш (ташиш) ва унга жойлаштириш чораларини кўради.

Айни пайтда ушбу ҳодиса юзасидан Андижон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, ЙПХ ходими Р.Мўминовнинг ваколати доирасидан четга чиққан бўлиши мумкинлиги ҳолатига ҳам эътибор қаратилса ажаб эмас.

Шу ўринда, мазкур ҳолатга ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ойдинлик киритилишини кутиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров
ҳуқуқшунос  

 

Top